Қозоғистон ҳукумати ҚҚС ставкасини 12 фоиздан 20 фоизга кескин оширишни таклиф қилди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ставкасини ҳозирги 12 фоиздан 20 фоизга кескин ошириш, шунингдек, унинг чегарасини сезиларли даражада камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бунинг эвазига расмийлар иш берувчиларни ходимлар учун маълум ижтимоий тўловлардан озод қилишни таклиф қилмоқдалар. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган йиғилишида сўз юритилди, деб ёзади NUR.kz.

«Солиқ тизими нафақат давлатни керакли миқдорда сармоя билан таъминламаяпти, балки тадбиркорларга нисбатан адолатсиз ҳамдир. Асосий солиқ юки иш ҳақи фондига, демакким таннархга тушади. Маҳсулот савдо растасига етиб боргунча тадбиркор солиқларнинг асосий қисмини тўлашга мажбур. Ҳукумат иш ҳақи фондига юкламани сотувга ўтказиш орқали камайтиришни таклиф қилмоқда. Бунинг учун ҚҚС ставкасини ошириш, бир вақтнинг ўзида иш берувчилар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ва мажбурий пенсия тўловларини камайтириш зарур», — деди Бош вазир Олжас Бектенов йиғилишда.

Унинг фикрича, бу корхоналарнинг рақобатбардошлигини оширади ва улар учун зарур молиявий захираларни яратади.

«Ишга ҳақ тўлаш фондига юкни камайтириш тадбиркорлик субъектларига иш ҳақини ошириш имконини беради, қўшимча солиқ тушумлари иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштириш, Қозоғистонда устувор аҳамиятга эга бўлган истиқболли бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», — дея таъкидлади Бош вазир.

Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин бугунги кунда рўйхатдан ўтган 2,3 миллион солиқ тўловчидан бор-йўғи 137,7 мингта тадбиркорлик субъекти ҚҚС тўловчилари эканини таъкидлади. «Бу ҳаммасининг 6 фоизини ташкил қилади. Улардан бор-йўғи 88 минг нафари ёки солиқ тўловчиларнинг 4 фоизи амалда ҚҚС тўлайди. Бунинг сабабларидан бири ҚҚС бўйича рўйхатдан ўтишнинг юқори чегарасидир. Бугунги кунда у 78 миллион тенгени (тахминан 150 минг доллар) ташкил этади.

Биз ҚҚС чегарасини 15 миллион тенгега (29 минг доллар) камайтиришни таклиф қиламиз»— деди у.

Бу туфайли, вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатда 300 мингга яқин янги солиқ тўловчилар пайдо бўлади.

Ҳозирда ҳукуматда муҳокама қилинаётган иш ҳақи фондига юкни камайтириш масаласига келсак, у ходим учун ижтимоий солиқ ва мажбурий пенсия тўловларини бекор қилишни назарда тутади. «Бюджет бу харажатларни ўзига олади», — деди Жумангарин йиғилишда. «Шундай қилиб, ислоҳотнинг мазмун-моҳияти бюджетни тўлдириш учун солиқларни оширишда эмас, балки бизнес харажатларини камайтириш ва ҚҚС занжирининг барча иштирокчилари учун адолатли шарт-шароитларни таъминлашдан иборат», — дея таъкидлади у.

Президент ҳукумат томонидан таклиф қилинган солиқ ислоҳотини умуман маъқуллади, бироқ уни «жамият ва аҳолига тушунтириш зарурлигини» таъкидлади.