Туркиядаги меҳмонхонада юз берган ёнғин қурбонлари 76 кишига етди, мамлакатда миллий мотам куни эълон қилинди

Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин. АР фотосурати

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиянинг Болу вилоятидаги Карталкая тоғ-чанғи курортидаги Grand Kartal меҳмонхонасида содир бўлган ёнғин оқибатида 76 киши ҳалок бўлган. Туркияда 22 январь миллий мотам куни деб эълон қилинди, деб хабар беради TRT Haber.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликаянинг сўзларига кўра, 21 январь кечки пайтгача 52 қурбоннинг шахси аниқланган. Улардан 45 нафарининг жасади оилаларига топширилган. Қолган қурбонларнинг шахси ҳали аниқланмаган. Суд-тиббиёт институтида шахслар ДНКсини аниқлаш бўйича тадқиқотлар давом этмоқда. Маълумки, ўлганлар орасида кўплаб болалар бўлган, улар мактаб таътилини курортда ўтказаётган бўлган.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, ёнғинга алоқадорликда гумон қилинган тўққиз киши, жумладан меҳмонхона эгаси ҳибсга олинган. Болу бош прокурори ва яна беш нафар прокурор ёнғин сабаблари ва масъулларнинг эътиборсизлиги ва айби борлигини аниқлаш устида ишламоқда.

ℹ️ Ёнғин соат 03:30 атрофида Grand Kartal меҳмонхонасининг 2200 метр баландликда жойлашган ресторан қисмида содир бўлган. Ёнғин содир бўлган вақтда меҳмонхонада 238 нафар меҳмон бўлган. Ёнғин кўзга ташлангач, меҳмонхона ходимлари меҳмонларни эвакуация қила бошлаган. Меҳмонларнинг бир қисми 12 қаватли бинонинг деразаларидан чойшабларни боғлаб, пастга тушиш орқали ўзларини қутқаришга уринишган. Ўт ўчирувчилар қўнғироқдан тахминан 40-45 дақиқа ўтиб етиб келган, бироқ бинонинг ёғоч конструкцияси аланганинг тез тарқалишига ёрдам берган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, ёнғинда жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. Эрдўғонга кўплаб давлат раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ҳамдардлик билдирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ