Қозоғистон Транспорт вазирлиги Иртиш дарёси орқали Хитой ва Россия билан янги транзит йўлагини яратишни режалаштирмоқда, уч давлат транспорт вазирлари келаси йил май ойида тегишли музокаралар ўтказадилар. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги бошлиғи Марат Карабаев маълум қилди, деб хабар беради Vlast.kz.
«Лойиҳа Хитой ва Россия ўртасида Қозоғистон ҳудудидаги Иртиш дарёси орқали, сўнгра Обь дарёси орқали Шимолий денгизга чиқадиган янги мультимодал транзит йўлагини шакллантиради», — деди у Мажилисдаги (парламент қуйи палатаси) ҳукумат соати чоғида.
Лойиҳа Хитой билан чегарада тўртинчи темир йўл назорат пунктини очиш, Туғил (Шарқий Қозоғистон вилоятида жойлашган) аҳоли пунктигача 120 километр темир йўл қуриш ва у ерда дарё портини қуришни ўз ичига олади. Йўналиш бўйлаб режалаштирилган юк ташиш ҳажми йилига 2,6 миллион тоннани ташкил қилади.
Иртиш дарёсининг узунлиги 4 минг километрни ташкил этади, унинг ярми Россия ҳудудидан ўтади. Уч давлатнинг юк ташишда дарёдан фаолроқ фойдаланиш нияти ўтган йил охирида маълум бўлганди. Йўналишни ташкил этиш бўйича дастлабки музокаралар ўтган кузда Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Хитой ўртасида ўтказилган эди. У Иртиш бўйлаб Қозоғистондаги логистика марказига, сўнгра темир йўл орқали Хитойга ўтиши кутилмоқда.