Жаҳон банки Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 350 миллион доллар грант ажратади

Роғун ГЭСи қурилишида. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон банки Тожикистондаги Роғун ГЭСи (ГЭС) лойиҳасини молиялаштириш учун Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) 350 миллион долларлик грантини маъқуллади. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати хабар берди.

Бу лойиҳани амалга оширишда Тожикистонга ёрдам кўрсатиш дастурининг биринчи босқичи бўлиб, аввалроқ Жаҳон банки 650 миллион доллар миқдорида грант ажратишга тайёрлигини маълум қилган эди.

Банкнинг таъкидлашича, қуввати 3780 МВт бўлиши керак бўлган Роғун ГЭСи 10 миллионга яқин аҳолини электр энергияси билан таъминлайди ва айниқса қиш ойларида энергия ресурслари тақчиллигини юмшатишга ёрдам беради.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассанининг сўзларига кўра, лойиҳа Тожикистон ва минтақадаги бошқа мамлакатларнинг тоза энергияга ўтишини тезлаштиришга, иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга ёрдам беради. Тожикистон ҳукумати электр энергиясини сотишдан тушган маблағнинг 3 фоизини қурилиш вақтида аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратиши, қуриб битказилганидан кейин эса бу миқдорни 5 фоизга ошириши кутилмоқда.

Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 6,29 миллиард доллар керак бўлади, дея қайд этади Жаҳон банки.

Лойиҳани молиялаштириш ундан тушадиган даромадлар, ички ресурслар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ҳисобидан амалга оширилади. 2,97 миллиард доллар миқдорида турли халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Абу-Даби жамғармаси, Қувайт жамғармаси ва бошқа шерикларнинг грантлари ва имтиёзли маблағлари кўринишида сармоя киритилиши мумкин.

Дарвоқе, «Ховар» агентлиги хабар беришича,

18 декабрь куни Қувайт араб иқтисодиётини ривожлантириш фонди Тожикистон Молия вазирлиги билан Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштириш учун 16,7 миллион доллар миқдорида кредит шартномасини имзолади.

Қувайт фонди томонидан лойиҳага бир неча босқичда ажратиладиган умумий молиялаштириш ҳажми 100 миллион долларни ташкил этади.

Жаҳон банки матбуот хизматининг қайд этишича, коллектив ёрдам Тожикистонда кенгроқ иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ҳисса қўшиши ва давлат бюджетининг соғлиқни сақлаш ва таълим каби муҳим соҳалардан ресурсларни сиқиб чиқариш хавфини туғдирувчи Роғун ГЭСи лойиҳасига ортиқча боғланишининг олдини олиши мумкин. Бу, шунингдек, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган қарз инқирози хавфини камайтиришга ёрдам беради.

👉 Эслатиб ўтамиз, лойиҳа яқин вақтгача фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилар эди. Умуман олганда, 2008-2024 йиллари Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишига 42,5 миллиард сомоний (тахминан 4 миллиард доллар) ажратган. 2023 йил февралида Саудия тараққиёт жамғармаси шартномани якунлаш учун 375 миллион Саудия риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит беришга тайёрлигини эълон қилди. Шу йилнинг май ойида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) худди шу мақсадда 500 миллион доллар миқдорида «имтиёзли маблағлар» ажратишга ваъда берган эди.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. ГЭСнинг олти агрегати йилига 13,1 миллиард киловатт*соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради. ГЭС қурилишини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Роғун ГЭСи минтақавий электр энергияси бозорини ривожлантириш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий элементига айланиши кутилмоқда. Бу минтақада сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигини мустаҳкамлайди, қуйи оқимдаги гидроэнергетика лойиҳалари ва ҳудудларини экстремал сув тошқинларидан ҳимоя қилади, Қозоғистон ва Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ