Икки ҳафта олдин Қирғизистон Солиқ хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Қидиқбек Қидиров электрон товар-транспорт юкхатларини (ЭТТЮ) яширганликда гумон қилинган. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев журналистларга маълум қилди, деб ёзади «Клооп».
Унинг аниқлик киритишича, коррупцияда айбланаётган мазкур шахсни мамлакат президенти Садир Жапаров тез орада бош солиқ инспектори лавозимидан озод қилади. МХДҚ давлат раҳбарига тегишли арзнома киритган ва ҳозирда Қидиров ўрнига номзод қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Махсус хизмат раҳбарининг сўзларига кўра, акциз товарлар билан боғлиқ коррупцион схема пухта тайёрланган ва яширилган. Умуман олганда, солиқ инспекторлари қайтарилган бир миллионга яқин ЭТТЮни текширишмаган, бироқ ҳар бир счёт-фактурадан маълум суммани олишган.
Ташиевнинг қўшимча қилишича, маблағлар айланмаси 464 миллиард сомни (5,3 миллиард доллар) ташкил қилган. Шунга кўра, давлатга тўланмаган солиқлар кўринишида қарийб 30 миллиард сом (345 миллион долларга яқин) келиб тушмаган. Генерал бу ўта профессионал ва пухта тайёрланган жиноят эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Қидиқбек Қидиров Давлат солиқ хизмати раҳбари лавозимига аввалги раҳбар Алтинбек Абдуваповнинг ЭТТЮ билан боғлиқ фирибгарлик учун ҳибсга олиниши муносабати билан эгаллаган эди. Собиқ амалдор ва унинг ўринбосари 6 декабрь куни ҳибсга олинган ва тергов давомида 20 январга қадар тергов изоляторига жойлаштирилган.
Бундан бироз олдин, 3 декабрь куни импорт қилувчилар ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилари эски акциз маркаларини янгиларига алмаштириш мажбуриятини олган эди. Кейинчалик МХДҚ томонидан фискал ташкилотнинг туман бўлимларида тинтувлар ўтказилиб, республикага акциз тўланадиган товарларни етказиб беришда қонунбузарликлар юз бергани аниқланган. Бир неча солиқ ходимлари сўроққа олиб кетилган, сўнгра ҳибсга олинган.
Ўшанда Ташиев мансабдор шахслар ЭТТЮ билан боғлиқ коррупцион схемани тузганини айтганди. Ташиевга кўра, ушбу ҳаракатлар натижасида давлатга 3,2 миллиард сом (36,8 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган.