Ўзбекистоннинг камбағаллик юқори маҳаллаларида оилавий боғчалар очилади

Фарғона водийсидаги болалар боғчаси дарвозаси. yandex.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда 2025 йили камбағаллик юқори мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилади. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова зиммасига шундай вазифани қўйди.

Бундай боғчалардаги ўринларнинг 15 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандларига берилади, тўловнинг бир қисми эса давлат томонидан субсидияланади. Мазкур ташаббус кам таъминланган оилалар фарзандларининг яшаш шароити ва таълимини яхшилашга қаратилган.

Камбағал оила фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши учун қўшимча имкониятлар яратилади. Хусусан, 118 минг ёшлар чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқитилади. Бу тўгараклар харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади. 2025 йилда 3,5 минг нафар шундай фарзандлар олий таълимга грант асосида қабул қилинади.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 30 минг нафар кам таъминланган оила фарзандлари боғча, тўгараклар ва касб-ҳунарга ўргатиш билан қамраб олинган. Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани ва Наманган вилоятининг Косонсой туманида «Илк ривожланиш марказлари» очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиб, ҳар бир туманда жорий этиш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди