Давлат Думаси рус тилини билмайдиган мигрантлар болаларини мактабга қабул қилмасликка оид қонунни қабул қилди

rbc.ru сайти фотосурати

Россия Давлат думаси 11 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда рус тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтмаган мигрантлар болаларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Ҳужжатга кўра, чет эллик болалар Россияда қонуний яшаётганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган ва рус тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тақдирдагина рус мактабларига ўқишга кира олади. Бироқ, ҳужжатда тест ўтказиш тартиби кўрсатилмаган, у Таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Қонун лойиҳаси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин ва вице-спикер Ирина Яровая бошчилигида барча бешта фракция депутатлари гуруҳи томонидан киритилган. Қонун 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.

Мажлисда Володин Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковга мурожаат қилиб, халқаро ҳамкорларга ушбу қонунни тушунтириш муҳимлигини қайд этди. Володиннинг таъкидлашича, қарор ноқонуний миграцияга қарши кураш ва «Россия қонунчилиги ва анъаналарини ҳурмат қиладиган одамлар» келишини рағбатлантиришга қаратилган. Давлат Думаси спикери ўринбосари ва қонун лойиҳаси муаллифи Ирина Яроваянинг фикрича, қонун «Россия фуқароларининг таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди, шунингдек, унинг қулайлиги ва сифатини кафолатлайди».

«Агар бола имтиҳондан ўта олмаса, ота-оналар кейинчалик, бола тилни яхши ўзлаштирганидан сўнг, мактабга кириш учун ариза топширишлари мумкин. Бундай уринишларнинг сони чекланмаган», — дея тушунтирди Яровая.

Депутат ўзгартиришлар халқаро шартномаларга тўлиқ мос келишига, зеро таълим очиқ ва бепул бўлиб қолишига ишончи комил эканини таъкидлади. Тилни ўрганиш бўйича қўшимча машғулотларни ташкил қилиш борасида Яровая бу масалага ҳудудлар масъул бўлишини айтди.

Ўз навбатида, Давлат Думасининг оилани ҳимоя қилиш, оталик, оналик ва болалик масалалари қўмитаси аъзоси Татьяна Ларионова қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида ишлашга келган барча ота-оналар ўз фарзандларининг рус тилида таълим олишлари учун пул тўлай олмаслигини таъкидлади, мигрантларнинг мослашув ва интеграциялашуви дастурлари самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни жорий этишни таклиф қилди. Бироқ, Яровая «меҳнат мигрантлари ўзлари билан бирга Россияга вояга етмаган болаларини олиб келишлари шарт эмас» лигини урғулади.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан яна бири, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмита раҳбари Ярослав Нилов синфда рус тилини билмайдиган болаларнинг мавжудлиги бошқа ўқувчиларга халақит беришини таъкидлади.

«Биз ўзимизнинг россиялик болалар ҳақида ўйлашимиз керак. Ўқишга тайёрмисиз? Марҳамат, имтиҳон топшириб, ўқийверинг», — деди Нилов РБК билан суҳбатда.

Нилов, шунингдек, ЛДПР фракцияси депутатлари Давлат Думасига Россиядаги барча мактаб ва касб-ҳунар таълимини мигрантлар учун пуллик қилишни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини тақдим этганини, бу Яроваянинг бепул таълим ҳақидаги сўзларига зид эканини эслатди.

«Ҳеч қандай хайрия бўлмаслиги керак. Нега мен, сиз, ўқувчилар чет эл фуқароларининг ўқиши учун пул тўлашимиз керак? Иш берувчи тўласин, элчихона тўласин, мамлакати тўласин, ўзлари тўлашсин», — деди Нилов.

Аввалроқ Россия таълим вазири Сергей Кривцов вазирлик педагогика олий ўқув юртлари негизида чет элликлар, жумладан, уларнинг болалари учун рус тилини ўрганиш марказларини яратиш масаласи устида иш олиб бораётганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ