Бишкекнинг Первомайский туман суди Қирғизистон божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни жаримага тортди ва озод қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, 24.kg хабар берди.
Ҳукм 6 декабрь куни эълон қилинган. Матраимов «Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш» ва «Ўқотар қурол, газ-травматик қурол, пичоқ ва соғликка зарар етказиш учун махсус мослаштирилган бошқа нарсаларни қўллаш ёки ишлатишга уриниб безорилик қилиш» моддалари бўйича айбдор деб топилган.
Жиноят кодексининг 77-моддасига асосан унга 100 минг сўм (1152 доллар) миқдорида жарима солинган.
Иш материалларидан маълум бўлишича, тергов давомида Матраимов ўз айбини бўйнига олишга оид илтимоснома билан мурожаат қилган. Бош прокуратура унинг илтимосини қаноатлантирган ва 2024 йил 25 ноябрда тергов судяси томонидан тасдиқланган процессуал битим тузилган. Қонунга мувофиқ, бундай битим тузилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланганда, суд айбланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлайди.
Ноябрь ойи ўрталарида Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Матраимов давлат бюджетига 200 миллион доллар (тахминан 17 миллиард сўм) тўлаганини маълум қилганди. Бишкекда ундан 53 миллион долларга баҳоланган 14 қаватли бизнес маркази мусодара қилинган, у 32 миллион долларга давлат ҳисобига ўтказилган, Ўшда «Ихлас» ширкати билан у биргаликда кўп қаватли уйлар қурган, улар ҳам мусодара қилинган.
ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йили унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси бўйича судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 2 миллиард сом (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.
Кейинроқ МХДҚ унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналист терговчиларнинг материаллари сабаб бўлган. Унда, жумладан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлигини айтилган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.
Жорий йилнинг март ойи охирида собиқ божхоначи Озарбайжондан ватанига экстрадиция қилинган ва ҳибсга олинган. МХДҚ маълумотларига кўра, у Қирғизистон раҳбариятига суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўраётган Озарбайжондан келган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳнинг қўлга олинган аъзолари билан алоқадор бўлган.
Матраимовга нисбатан «Озодликдан ноқонуний маҳрум қилиш» ва «Жиноий даромадларни қонунийлаштириш (ювиш)» моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. 27 март куни Первомайский туман суди уни 26 апрелга қадар МХДҚ тергов изоляторига жўнатганди.