Франция Балхаш кўлини сақлаб қолиш учун Қозоғистонга 1,3 миллион евро ажратади

Балхаш. eoimages.gsfc.nasa.gov сайти фотосурати

Қозоғистон ва Франция Балхаш кўлини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. One Water Summit да тегишли келишув Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги, Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ва Франциянинг геологик ва кончилик тадқиқотлари бюроси (BRGM) томонидан имзоланди, дея хабар беради Қозоғистон вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, француз томони Қозоғистонга «Балхаш сув ресурсларини бошқаришни ривожлантириш учун» 1,35 миллион евро миқдорида грант ажратади, шунингдек, кўл ҳавзасини кенг кўламли ўрганишни амалга оширади, унинг натижаларига кўра 2040 йилгача бўлган узоқ муддатли бош режа ишлаб чиқилади. Унда сув омборини сақлаб қолиш чоралари белгиланади.

«Лойиҳа мақсадларидан бири Балхаш кўли даражасини барқарорлаштириш учун Қапчағай сув омборининг иш режимини оптималлаштиришдир. Ўрганиш натижаларига кўра дарёларни тозалаш, тупроқ деградацияси ва сув ифлосланишининг олдини олиш, балиқчилик ва экотуризмни ривожлантириш, шунингдек, кўлни муҳофаза қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилади», — деди Сув ресурслари ва ирригация хўжалиги вазири Нуржан Нуржигитов.

Балхаш Қозоғистоннинг жануби-шарқида жойлашган. Бу Каспий денгизидан кейин ҳеч қачон қуримайдиган иккинчи кўл ва дунёдаги энг катта 14-кўлдир.

Шу йилнинг кузида республикада биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди, иштирокчиларнинг аксарияти бу ғояни қўллаб-қувватлади. Станция Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида, Балхаш кўли қирғоғида қурилиши режалаштирилган. Референдум олдидан бўлиб ўтган жамоатчилик муҳокамаларида экологлар АЭС кўл экотизимининг нобуд бўлишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Шу кунларда Саудия Арабистонида Халқаро One Water Summit бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Франция етакчиси Эммануэль Макрон иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ