Лондонда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги бошланди

WOSCU делегацияси. Жамият матбуот хизмати фотосурати

Лондонда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасидаги тадбирлар бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти WOSCU) матбуот хизмати хабар берди.

Лондондаги Маданий мерос ҳафталигининг илк тадбири Ислом цивилизацияси маркази раҳбари, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг «Ал-Фурқон» Ислом мероси фондига ташрифи бўлди. Меҳмонларга Франциядаги Темурийлар жамияти асосчиси ва президенти Фредерик Брессан ҳамда бир қатор олим ва мутахассислар ҳамроҳлик қилди.

«Бугун Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан маданий меросни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада британиялик дўстларимиз билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази Британиянинг қатор ташкилотлари ва олимлари билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда», – деди Абдухолиқов.

У WOSCU VIII Халқаро конгресси ва Халқаро маданий мерос ҳафталиги Тошкент ва Самарқандда ўтказилганини, унда ўндан ортиқ британиялик олимлар ўз лойиҳаларини тақдим этганини эслади.

«Шу нуқтаи назардан, «Ал-Фурқон» Ислом мероси фонди директори жаноб Соли Шоҳсиварий билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ғоялар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у бизга Ўзбекистонда бир қатор қизиқарли лойиҳаларни таклиф қилган, улардан бири буюк ватандошимиз Каффол аш-Шоший ижодини ўрганиш билан боғлиқ», – деди Ислом цивилизацияси маркази директори.

Учрашувда аш-Шоший асарлари нусхаларини тўплаш ва уларнинг факсимилларини яратиш муҳимлиги таъкидланди. Фондда сақланаётган Ўзбекистонга оид бошқа қўлёзмаларни ҳам ўрганиш режалаштирилган.

Учрашув якуни бўйича Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва «Ал-Фурқон» фонди ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Фонд директори Соли Шахсиварийга «Ўзбекистон маданий мероси» ва «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси» туркумидаги китоб-альбомлар топширилди.

Ўз навбатида, Шахсиварий меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, узоқ муддатли ҳамкорликка умид билдирди.

«2018 йилдан буён Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва янги ташаббусларни ўрганар эканман, айниқса, Қадимий қўлёзмаларни ўрганиш маркази раҳбари сифатида бу мамлакатга бир неча бор ташриф буюрдим. Ўзбекистонда янги тикланиш даври учун улкан салоҳият шаклланмоқда. Хусусан, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон буюк алломалари илмий меросини ўрганиш борасидаги ташаббуслари чинакам ноёб ҳодисадир. Ўзбекистоннинг қадимий мероси, буюк аллома ва мутафаккирларнинг бетакрор асарлари жаҳон тадқиқотчиларининг диққат марказида. Улар Ўзбекистонда содир бўлаётган барча ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб борадилар. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий марказлари, Халқаро ислом академияси билан ҳамкорликни кенгайтирдик. Ўзбекистонлик олимлар билан мулоқот ҳамкорлигимизни янада бойитиш ва фаоллаштиришга хизмат қилмоқда», — деди Шахсиварий.

Куннинг иккинчи ярмида делегация санъат асарлари, антиквариат, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматбаҳо коллекцияларни сотиш бўйича етакчи ўринларни эгаллаган дунёдаги энг йирик аукцион уйлари – Christie’s ва Sotheby’sга ташриф буюрди.

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 2016 йили Фирдавс Абдухолиқов ташаббуси, Eriell Group нефть-сервис компанияси ҳомийлиги ва Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган.

Жамият томонидан бугунга қадар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» эксклюзив халқаро туркумининг 70 жилди, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси», «Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар асарларида» туркумларининг бир қатор жилдлари нашр этилган, 60 дан ортиқ фильмлар суратга олинди, мамлакат ичида ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилган. Ҳозиргача лойиҳа 40 мамлакатдан 400 нафар олимни бирлаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ