Қозоғистон Миллий банки тенге курсининг пасайиши фонида базавий ставкани оширди

nur.kz сайти фотосурати

29 ноябрь куни Қозоғистон Миллий банкининг Пул-кредит сиёсати қўмитаси базавий ставкани бир фоиз пунктга ошириб, йиллик 15,25 фоиз қилиб белгилади, деб хабар берди макрорегулятор матбуот хизмати. Бу охирги кунларда кузатилган тенге курсининг кескин заифлашиши фонида амалга оширилди.

«Қарор янгиланган прогнозлар ва инфляция рисклари балансини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди (...) Умумий пул-кредит шароитлари валюта курсининг заифлашуви, шунингдек келгуси йиллар учун инфляция прогнозларининг ортиши фонида юмшади, инфляциянинг ўсиши ҳисобига реал кўрсаткичларда фоиз ставкаларининг пасайиши кузатилди. Молиявий бозорлардаги ўзгарувчанликнинг кучайиши билан биргаликда бу базавий ставканинг ошишини талаб қилди», — дейилади хабарда.

Регулятор яна бир сабаб сифатида Россиядаги валюта курсининг сезиларли ўзгаришини кўрсатади.

Жорий йили Миллий банк саккиз марта базавий ставка бўйича қарор қабул қилди, деб эслайди Forbes.kz. Йил 15,75% қиймат билан бошланди (у 2023 йил ноябрь ойида ўрнатилган), кейин пул-кредит регулятори июль ойигача фоизни мунтазам равишда пасайтирди, бир йил ичида биринчи марта ставкани 14,25% қилиб белгилади. Икки марта қиймат ушбу даражада сақланиб турди. Янги қиймат — 15,25%, Миллий банк веб-сайтидаги жадвалга кўра, 2 декабрдан кучга киради.

Базавий ставка бўйича навбатдаги қарор Қозоғистон Миллий банкининг Пул-кредит сиёсати қўмитаси томонидан 2025 йил 17 январда эълон қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ