Гурбангули Бердимуҳамедов навбатдаги китобини деярли бир ой ичида ёзиб битирган

tdh.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамкасби, болалар хайрия жамғармаси вакили ва республика Фанлар академияси раҳбари билан учрашувда меҳнат таътилида ёзилган ўзининг янги китобини тақдим этди. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» ахборот агентлиги хабар берди.

Бердимуҳамедов таъкидлашича, анъанага кўра, у меҳнат таътилини ижодий ишга бағишлаган: кўп ўйлаган, мамлакатнинг шонли тарихига оид тўпланган маълумотларни қоғозга туширган.

Натижада Hakyda göwheri («Ақл гавҳари») китоби дунё юзини кўрган.

Асар Маҳтумқули Фироғий асарларининг умуминсоний қадриятларга таъсири, миллий маданият ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига бағишланган материаллар асосида яратилган.

«Қайси даврни ҳисобга олмайлик, шубҳасиз, туркман маданияти инсоният тарихига улкан таъсир кўрсатган ўзига хос қадриятлари билан дунёда машҳур бўлган»,дейди Аркадаг.

Сиёсатчи Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) қарори билан 2024 йил буюк шоир ва мутафаккир Маҳтумқули Фироғий йили, Анау шаҳри эса турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилинганини эслатди. Бу факт туркман халқида катта ғурур уйғотади, дея қўшимча қилган Бердимуҳамедов.

Халқ кенгаши раҳбари суҳбатдошларига янги китобнинг биринчи нусхасини тақдим этиб, яқин кунларда асар нашр этилиши ва кенг оммага тақдим этилишини таъкидлаган. Учрашув иштирокчилари, ўз навбатида, муаллифни янги ижодий ютуғи билан табриклаб, Аркадаг китоблари «нафақат туркман халқи, балки дунёнинг барча бурчакларидаги китобхонлар учун қимматли қўлланма бўлиб бораётгани» ни таъкидлашган.

Давлат оммавий ахборот воситалари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг республика президенти Сердар Бердимуҳамедовга ёзган очиқ хатини тарқатган, унда муаллиф давлат раҳбаридан Маҳтумқули Фироғийга бағишланган асарнинг биринчи нусхасини совға сифатида қабул қилишни сўраган.

«Фурсатдан фойдаланиб, янги китобим Hakyda göwheriни юборяпман ва Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва эзгу фаолиятингизда фақат муваффақиятлар тилайман», — деб ёзади Аркадаг ўғлига.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таътили 1 ноябрдан 25 ноябргача давом этган. Шундай қилиб, деярли бир ой ичида у янги асар ёзишга муваффақ бўлган. Ушбу китоб сиёсатчи библиографиясида олтмиш биринчи асар бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ