Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев республика Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси этиб сайланди, деб хабар беради спорт ташкилоти матбуот хизмати.
Бундай қарор 25 ноябрь куни бўлиб ўтган МОҚнинг 41-Бош ассамблеяси ишида қабул қилинди. Давлат раҳбари номзоди мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов томонидан таклиф этилган.
«Абдулла Нигматович ушбу лавозим учун номзод ҳақида тўхталар экан, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозимлиги, мамлакатимизнинг кўп минг сонли олимпия оиласи, спортчи ва мураббийларнинг илтимосини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёев Шавкат Миромонович номзодини илгари сурди», — дейилади МОҚ баёнотида.
Номзод барча делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ва Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раиси этиб сайланди.
Шунингдек, Қўмита раисининг ўринбосарлари таркиби ҳам шакллантириб олинди. Унга мувофиқ, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, Ойбек Касимов Бош котиб ва Шерзод Ташматов раис ўринбосари лавозимига сайланди.
МОҚ низомига асосан ҳар бир Олимпия циклида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раҳбарияти таркиби қайта шакллантирилади.
Бош ассамблея доирасида Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромовнинг аввалги Олимпия сиклида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди. Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов эришилган ютуқлар ҳақида гапираркан, фойдаланилмаётган имкониятлар ва кутилган натижани бермаётган федерациялар ҳақида ҳам танқидий фикр билдирди. Бироқ, МОҚ матбуот хизмати аниқ маълумотлар келтирмади.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2024 йили Парижда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаб, тарихий энг яхши натижани кўрсатган эди. Жамоа 13 та совринни қўлга киритди, улардан 8 таси олтин. Айниқса, боксчилар муваффақиятли иштирок этиб, Францияда энг юқори даражадаги 5 та медални қўлга киритишди.