Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновга суиқасд уюштирганлик жиноий иши бўйича айбланувчилардан бири Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинган. Гумонланувчи ўз ватанига экстрадиция қилинди, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Назорат маҳкамасининг аниқлик киритишича, тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятга алоқадор 7 нафар шахс аниқланган. Улардан беш нафари ҳибсга олинган, яна икки нафар гумонланувчини ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Бундан ташқари, Қозоғистонда яшириниб юрган гумонланувчи K.С.нинг манзили аниқланган, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аммо бу фуқаро Ўзбекистонга келтирилганми ёки йўқлиги номаълум.
Тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинган. Бош прокуратура матбуот хизмати бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
ℹ️ Ҳодиса 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан 01:40 (Москва вақти билан 23:40) да Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Ифор кўчасида содир бўлган. Икки номаълум шахс йўлда кетаётган Range Rover автомобилига бир неча марта ўқ узган, шундан сўнг номаълум томонга қочиб кетган. Жабрланганлар йўқ.
Кейинроқ Бош прокуратура Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланиб, тўрт киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97 («Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш») ҳамда 248 («Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.