Туркманистонда 20 ноябрь куни Женевага учиб кетиши керак бўлган мустақил журналист Солтан Ачилова мажбуран касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.
75 ёшли Очилова ва унинг қизи унга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мукофотни топшириш маросимида қатнашиш учун Женевага учишни режалаштирган. Бироқ, эрталаб соат 6:30 да, жўнашдан бир неча соат олдин, Очилованинг уйига тиббий халат ва ниқоб кийган тўрт киши кириб келган. Улар юқумли касаллик борлигига шубҳа билдириб, шошилинч равишда касалхонага ётишлари кераклигини талаб қилишган. Журналистни телефонни олишга ва оиласи билан боғланишга рухсат бермай, мажбуран Чўғонлидаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетишган. Очилова квартирасининг калитлари олиб қўйилган ва ташриф буюрганлардан бири унга «нариги дунёда» калит керак бўлмаслигини айтган.
Кейинчалик маълум бўлишича, бир кун олдин шифохона раҳбариятига бир нечта палаталарни бўшатиш бўйича кўрсатма берилган, бу «операция»нинг олдиндан режалаштирилганидан далолат беради, деб «Хроника Туркменистана».
Очиловани аэропортга олиб бориш учун келган қизи ва куёви ҳам журналист билан алоқага бўлгани учун текширувдан ўтказилган. Ҳозирда Солтан Очилова шифохонада қолган, шифокорлар унинг қачон уйга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар беришмаяпти.
ℹ️ Бундан роппа-роса бир йил олдин – 2023 йил 20 ноябрда Туркманистон расмийлари аэропортда Очилованинг паспортини атайлаб шикастлани, учишига рухсат бермагани ҳақида хабар берилганди. Халқаро босимдан кейин унга ва қизига янги ҳужжатлар берилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси (TIHR) ва бошқа бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистон расмийларининг мустақил журналистнинг чет давлатга чиқишига тўсқинлик қилаётганини кескин қоралаган. Улар Очилова ва унинг оила аъзоларини асоссиз касалхонага ётқизилиши ҳукуматнинг норозиликни бостириш йўлидаги тубан қадами эканини таъкидлаганлар.
Ҳуқуқ фаоллари Туркманистон ҳукуматини уларни зудлик билан касалхонадан чиқаришга, журналистнинг хорижга эркин чиқишига рухсат беришга ва фаолияти учун таъқибларни тўхтатишга чақирган.