Янги қонун туфайли туркман пахтасининг Европа Иттифоқига экспорти хавф остида қолган

Пахта терими. news.trust.org сайти фотосурати

Европа Иттифоқи ўз ҳудудида мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган хомашё ва маҳсулотларни сотишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Ҳужжат Европа Иттифоқи кенгашининг расмий сайтида эълон қилинди.

Қонун компанияларга таъминот занжирларида ишчиларни эксплуатация қилишдан фойда олиш имконини берувчи иқтисодий рағбатларга чек қўйиш учун ишлаб чиқилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 2022 йилги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тахминан 17,3 миллион киши хусусий секторда мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятида, Туркманистон ва Шимолий Кореяда яна 3,9 миллион одам давлат томонидан мажбурий меҳнат қурбонига айланган. АҚШ туркман пахтасидан 2018 йили воз кечган.

Таъкидлаш жоиз, туркман пахтасининг Европа Иттифоқи бозорларидаги улуши кўп эмас. Шундай қилиб, 2020 йили 18 миллион евро миқдорида пахта харид қилинган. 2023 йилги маълумотларга кўра, Туркманистон мазкур хом ашё етказиб берувчи давлатлар ўнталигига кирмаган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа Иттифоқи томонидан импорт қилинадиган пахта ва пахта маҳсулотларининг умумий ҳажмида 2,17 фоиз (65 миллион доллар) улуши билан кучли ўнталикдан жой олган.

Европа Иттифоқига энг кўп пахта экспорт қиладиган давлатлар Туркия, Покистон ва Ҳиндистон ҳисобланади. Улар Европанинг ушбу хомашёга бўлган эҳтиёжининг 60% дан ортиғини қоплайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилдан бошлаб Туркманистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни бошлаган. ХМТ комиссияси Туркманистонга ташрифи чоғида мажбурий пахта терими, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган. 2024 йил баҳорида Туркманистон ҳукумати 18 ёшгача бўлган болаларни пахта теримига жалб қилишни қонуний равишда тақиқлади.