Ўзбекистон Олий Мажлисининг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Абдулла Арипов республика Бош вазири этиб қайта сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Арипов номзодини тақдим этаркан, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, масъулиятли босқичига қадам қўяётганини тушунтирди. Янги даврда кечаги мезон билан ишлаб бўлмайди. Ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янги асосда ташкил қилиши лозим, бунинг учун эса унга кучли раҳбар керак.
Мирзиёев Ариповни мана шундай шахс деб билади. Президентнинг таъкидлашича, у катта ташкилотчилик қобилиятига эга, масъулиятни чуқур ҳис қилади, ижро ҳокимиятида бой билим ва тажрибага эга. Айнан у ҳукумат фаолиятини самарали ташкил эта олади, вазирлик ва идоралар раҳбарларини Ўзбекистон раҳбарияти олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишга сафарбар қила олади.
Бош вазир лавозимига номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди. Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқулладилар.
ℹ️ Абдулла Орипов 1961 йил 24 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1983 йили Тошкент алоқа электротехника институтини телекоммуникация муҳандиси мутахассислиги бўйича диплом олган. 2001 йил августидан 2002 йил майига қадар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори лавозимида ишлаган. 2002 йил 30 майда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Алоқа ва ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари комплекси раҳбари – Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Бош директори лавозимига тайинланган.
Арипов 2012 йил августигача Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган, кейин у лавозимидан четлатилган: унинг истеъфоси, жумладан, «МТС-Ўзбекистон» атрофидаги можаро билан боғлиқ бўлган. 2016 йили Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Арипов ҳукуматга қайтган – аввалига Бош вазир ўринбосари, кейин эса Бош вазир лавозимини эгаллаган.
ℹ️ Мамлакат Конституциясига кўра, Олий Мажлиснинг янги таркиби сайлангани муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати 19 ноябрь куни истеъфога чиқди. Шу куни парламент спикери Танзила Нарбаева ва унинг ўринбосарлари Содиқ Сафоев ва Аманбай Оринбаев ўз лавозимларига қайта сайланди.