Пекин Душанбедан Хитой корхонаси лагерига уюштирилган ҳужум юзасидан чуқур текширув ўтказишни сўради

Шамсиддин Шохин тумани. Харита скриншоти

Тожикистондаги Хитой корхонаси лагерига уюштирилган ҳужум натижасида бир нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган, яна тўрт нафари яраланган. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, деб ёзади The Express Tribune.

Воқеа 18 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Лагер Афғонистон билан чегарада жойлашган бўлган. Ҳужум қилганларнинг мақсади ва шахси ҳали аниқланмаган.

Пекин ҳужумни кескин қоралади ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Хитойнинг Душанбедаги элчихонаси ёрдам кўрсатиш ва кейинги ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун воқеа жойига ишчи гуруҳ юборган.

Хитой элчиси Тожикистон расмийларини воқеа юзасидан чуқур текширув ўтказишга чақирди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 1350 км узунликдаги тожик-афғон чегарасидаги оғир вазиятни инобатга олиб, чегара ҳудудидаги Хитой фуқаролари ва компанияларига хавфсизлик масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлигини эслатди.

«Азия-плюс» хабар беришича, воқеа Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги Шамсиддин Шохин туманида содир бўлган. Узунлиги 10 км дан ортиқ бўлган ушбу участка тоғ рельефи ва ўрмонзор туфайли патрул хизматини олиб бориш учун энг хавфли ҳудудлардан бири саналади. Жиноятчилар ҳеч бир қийинчиликсиз яширинишлари мумкин. Шу туфайли мазкур ҳудуддан кўпинча афғон наркотик савдогарлари Тожикистонга гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш учун фойдаланадилар. Ўтмишда бу ерда маҳаллий аҳоли ва чегарачиларни гаровга олиш, ҳужумлар уюштириш билан боғлиқ воқеалар кўп такрорланган. Бироқ, бу ҳудудда Хитой фуқароларига биринчи марта ҳужум уюштирилган.

ℹ️ Тожикистонда Хитой компаниялари фойдали қазилмалар, жумладан, олтин қазиб олишда фаол иштирок этишади. Республикада тўлиқ ёки қисман Хитой капитали иштирокида бир қанча олтин қазиб олувчи корхоналар фаолият кўрсатади.