Қозоғистонда собиқ қишлоқ округи раҳбарини суд ҳукмидан сўнг қамоққа жўнатишни «унутиб қўйишган»

Нургали Аппазов. tengrinews.kz сайти фотосурати

19 ноябрь куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноят-ижроия тизими қўмитаси Олмаота вилояти Талгар тумани Панфилов қишлоқ округининг муқаддам судланган собиқ ҳокими Нургали Аппазов ҳибсга олинганини маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz. Ҳибсга олинган шахс вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган ва у ердан «кейинчалик жазони ўташ учун» ўртача хавфсизлик муассасасига юборилади.

Аппазов икки марта судланган. 2020 йили у фаол Галина Арзамасовага қуролли ҳужум уюштиргани учун етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Воқеа 2019 йил 26 август куни содир бўлган. Аёл Талгар тумани ҳокими қабулига кетаётганида унга орқа томондан пневматик қуролдан ўқ узилган. Аёл Панфилов қишлоқ округида мактаб қурилиши керак бўлган жойда коттежлар қурилаётганини ҳокимга етказмоқчи бўлган. Арзамасова барибир ҳоким билан учрашади ва шундан кейингина ўқни олиб ташлашлари учун касалхонага боради. Бир неча кундан сўнг полиция ижтимоий фаолга қилинган ҳужумга Панфилов округи раҳбари Нургали Аппазов ва унинг ҳайдовчиси Ғани Смановнинг алоқадорлигини маълум қилган. Иккаласи ҳам ҳибсга олинган, Аппазов лавозимидан четлаштирилган.

У 2022 йили иккинчи бор ер билан боғлиқ фирибгарликда айбланган, хусусан, бу ҳақда Арзамасова хабар берган.

Суд қарорига кўра, Аппазов жами саккиз йил қамоқда ўтириши ва 2030 йили озодликка чиқиши керак бўлган. Бироқ, маълум бўлишича, собиқ амалдор ўтган йил кузидан бери озодликда юрган.

Tengrinews.kz таҳририяти сўровига жавобан Олмаота вилоят суди 2023 йил 14 сентябрда Конаев суди Аппазов жазосини жарима тариқасида енгилроқ жазога алмаштирганини маълум қилган. 2024 йил 8 февралда иккинчи инстанция суди жазони енгиллаштириш тўғрисидаги қарорни бекор қилган. Аммо бундан кейин Аппазов қамоққа қайтмаган ва жазони ижро этиш муассасаларида рўйхатда бўлмаган.

Олмаота вилояти прокуратураси ушбу факт бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 430-моддаси 1-қисми (Қонуний кучга кирган ҳукм, суд қарори ёки бошқа суд ҳужжатини олти ой вақт давомида бажармаслик) бўйича жиноий иш очилганини маълум қилган. Бу модда бўйича максимал жазо — уч йил озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.