ОТБ Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириши учун 250 млн доллар кредит ажратди

gov.kz сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади, бу маблағлар мамлакат иқтисодий ўсишини экологик тозалик, инклюзивлик ва барқарорликка урғу берган ҳолда қўллаб-қувватлашга мўлжалланган, деб хабар беради банк матбуот хизмати.

Кредит ОТБнинг Ўзбекистонда таркибий ислоҳотларни илгари суриш бўйича кенгроқ дастурининг бир қисмидир. Дастурнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

👉давлат молиявий бошқарувини такомиллаштириш;

👉 молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

👉 хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлаш;

👉 «яшил» иқтисодиётга ўтишни рағбатлантириш.

Дастурнинг амалга оширилиши Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий иқтисодиётнинг халқаро миқёсда рақобатбардошлигини оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.

«Дастур, айни пайтда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, иқтисодиётни карбонсизлантириш ва табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга устувор аҳамият беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

✅ Август ойида ОТБ Ўзбекистон билан 2024-2028 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик стратегиясини ишга туширди. Беш йиллик дастур Ўзбекистон иқтисодиётини «яшил» ва инклюзив иқтисодиётга айлантириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади. ОТБ хусусий секторни ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

ℹ️ Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлган. Орадан уч йил ўтиб, мамлакатда банкнинг ваколатхонаси очилди. Айни пайтда ОТБ томонидан республикага кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 12,5 миллиард долларга етди.