2023 йил 15 сентябридан 2024 йил 30 сентябрига қадар Эрон ва Покистон 2,2 миллион афғон муҳожирини ўз ватанига депортация қилган. Бундай статистик маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси ҳужжатларида ўз аксини топган, деб хабар беради Khaama.com.
Халқаро экспертларга кўра, қўшни давлатлар ҳукуматлари Афғонистондан келган қочқинларга босимни кучайтирган. Масалан, биргина Эрон ҳар куни юзлаб одамларни мамлакатдан чиқариб юборади. Муҳожирлар, шунингдек, бегона юртда жиддий муаммоларга дуч келаётганидан шикоят қиладилар — улар полиция томонидан ҳибсга олиниб, қонуний ҳужжатлари бўлишига қарамай, ватанига депортация қилинади.
Таъкидланишича, сўнгги пайтларда Эрон ва Покистон расмийлари мусофирларга нисбатан талабларни кучайтирган, шу сабабли ватанига ҳайдалган афғонлар сони сезиларли даражада ошиши мумкин. Расмий Теҳрон жорий йил охиригача икки миллион қочқинни Ислом Республикасидан чиқариб юбориш ниятида эканини тасдиқлаган.
«Қўшни давлатлардан афғон муҳожирларининг оммавий депортация қилинаётгани аҳолининг заиф қатламлари дуч келаётган муаммоларнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда ва Афғонистондаги бусиз ҳам заиф бўлган ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштирмоқда», — дейилади БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот баёнотида.
БМТ экспертларининг фикрича, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларигина авж олиб бораётган гуманитар инқирознинг олдини олишга ва ўз ватанига қайтаётган фуқароларнинг хавфсиз реинтеграциялашувини таъминлашга қодир.
2024 йил июль ойида Покистон ва Эрон бир ҳафта ичида 22 мингдан ортиқ афғон қочқинини ватанига депортация қилгани хабар қилинганди. Бироқ, кўплаб муҳожирлар ҳибсга олиш ва депортация қилиш жараёнида полиция ходимлари томонидан ёмон муносабатда бўлганидан шикоят қилишган. Уйга қайтганлар, ўз навбатида, жиддий қийинчиликлар, жумладан, қашшоқлик, ишсизлик ва бошпанасизликка дуч келаётганларини гапирган.
ℹ️ Firstpost маълумотларига кўра, 2021 йил августида толиблар* ҳокимиятга келганидан сўнг 600 мингга яқин афғон Покистонга қочиб кетган. Қирқ йил ичида — 1979 йил декабрдаги Совет босқини, фуқаролар уруши ва 2001 йил 11 сентябрдан кейинги АҚШ босқинидан қочиб кетган бир неча миллион киши мамлакатга қайтиб келган.
Афғонистонликлар 1980 йиллар бошида Эронга аввалига қочқин, сўнгра иқтисодий муҳожир сифатида кўп миқдорда кўчиб кела бошлаган. 2021 йил августига қадар Эронда уларнинг сони 2 миллиондан пастроқ бўлган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, толиблар ҳокимият тепасига келгач, Эрон ҳудудидаги афғон қочқинлари сони 3,5 миллион кишига етган. Сўнгги бир йил ичида 1 миллиондан ортиқ одам депортация қилинган.