Афғонистоннинг Германиядаги элчиси Яма Яри (Yama Yari) ва Бонндаги бош консул Лутфулла Садат (Lutfullah Sadat) истеъфога чиқишларини маълум қилди ва бу қарор Германия расмийлари босими остида қабул қилинганини таъкидлади, деб хабар беради Khaama нашри.
Яма Ярининг айтишича, у «афғон фуқаролари ва муҳожирларининг келгусидаги қийинчиликларга дуч келишини олдини олиш учун» ўз ишини якунламоқда, акс ҳолда бундай вазият Афғонистоннинг Германиядаги элчихонаси ёпилишига олиб келиши мумкин. Лутфулла Садат «мезбон давлат чекловлари ва илтимослари»га ишора қилган.
Khaamaнинг дипломатик манбаларига кўра, Германия расмийлари сўнгги икки ой давомида афғон дипломатлари билан музокаралар олиб борган ва улардан Кобулдаги толиблар* ҳукумати билан алоқа ўрнатиш ёки ўз лавозимларини тарк этишни талаб қилган.
Яма Яри ўрнига аввал Афғонистоннинг Берлиндаги элчихонасида маслаҳатчи лавозимида ишлаган Абдул Баки Попал тайинланган. У Қандаҳор вилоятидан бўлиб, Афғонистон маҳаллий ҳукуматида ишлаш тажрибасига эга.
Айрим кузатувчилар фикрича, мазкур кадрлар алмашинуви элчихонанинг толиблар билан яқинроқ алоқага ўрнатишига олиб келиши мумкин. Бироқ, «Толибон» ҳаракатининг расмий вакиллари, шунингдек, Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган.
Khaama нашрига кўра, сўнгги пайтларда кўплаб давлатлар афғон элчиларига толиблар
билан алоқа ўрнатиш ёки дипломатик миссияларини тугатиш учун босимни кучайтирган.
Ariana таъкидлашича, июль ойида толиблар собиқ Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган дипломатик ваколатхоналар ҳамда улар берган паспорт, визалар ва бошқа ҳужжатларни энди тан олмаслигини эълон қилган. Гап Лондон, Берлин, Бонн, Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция, Италия, Греция, Польша, Австралия, Швеция, Канада ва Норвегиядаги афғон ҳукумати томонидан чиқарилган ҳужжатлар ҳақида кетмоқда.
ℹ️ «Толибон» радикал ҳаракати 2021 йил август ойи ўрталарида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олди. Толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган, Афғонистон элчихоналари янги ҳокимият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Халқаро ҳамжамият толиблардан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари ва аёллардан иборат коалицион ҳукумат тузишни талаб қилмоқда.
2023 йил сентябрида Хитой толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).