Эроннинг аёллар масалалари бўйича вице-президенти Заҳра Беҳруз-Азар ҳижоб кийишдан бош тортган аёллар хатти-ҳаракатини тўғрилашга оид клиника очилишида ҳукуматнинг қўли борлигини рад этди. Бу ҳақда Эроннинг «Алеф» нашри хабар берди.
«Бу масаланинг ҳукуматга алоқаси йўқ. Бундай клиникани ташкил этиш вазирлар маҳкамаси томонидан маъқулланмаган», — деди Беҳруз Азар.
У ҳижоб кийиш — тарбиявий масала экани, уни оилада ҳал қилиш кераклигини таъкидлади. «Биз, албатта, оилаларга ўз фарзандларининг тўғри йўл танлашига ёрдам беришга тайёрмиз, бироқ биз бу масалани ҳеч қачон бу тарзда муҳокама қилмаганмиз», — дейди мулозима.
Унинг фикрича, бундай ёндашув «ислом дини ва «яхшиликка буюрмоқ ва ҳаромдан огоҳлантирмоқ» тамойилини камситади». Азар бу масала «аёллар қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда ва исломий қадриятларга мос равишда» ҳал этилишига умид билдирди.
👉 Аввалроқ Теҳронда ҳижоб кийишдан бош тортган аёлларни «илмий ва психологик даволаш»га ихтисослаштирилган клиника очиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Бундай муассасанинг ташкил этилиши ҳақида Теҳрон штаб-квартирасининг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш бўйича Хотин-қизлар ва оила бўлими бошлиғи Толеби Дарестоний маълум қилган. Iran International таъкидлашича, Дарестоний идораси Эроннинг Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш идорасининг бир қисми бўлиб, бевосита Эрон олий раҳбари Али Хоманаийга бўйсунади.
Дарестоний сўзларига кўра, махсус клиника теҳронлик оилалар ва аёлларнинг ҳижобдан бош тортишга мажбур қилаётган «атроф муҳит босими ва бошқа омиллар»дан шикоят қилаётгани билан боғлиқ кўплаб сўровларига жавобан яратилмоқда.
Клиника дастуридан «ҳижоб фалсафаси ва қадриятлари», унинг шахсий ўзни англашликни мустаҳкамлашдаги роли, шунингдек, «яширин ижтимоий босимларга қарши туриш учун психологик кўникмалар» бўйича ўқув курслари ўрин олган. Махсус клиникада «ўзликни англаш, инсон ўзига хослигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий босимни бошқариш» бўйича психологик маслаҳатлар, гуруҳ машғулотлари ва семинарлар ўтказилади. Таъкидланишича, барча хизматлар махфий ва «мулоҳазасиз муҳитда» тақдим этилади ва даволаниш ихтиёрий бўлади.
Айни пайтда бундай клиника очилиши ҳақидаги хабар фуқаролик фаоллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини хавотирга солди.
«Бу клиника эмас, қамоқхона бўлади. Амал-тақал кун кўряпмиз, электр таъминотида узилишлар бор, лекин ҳукумат бир парча матодан хавотирда. Агар барчамиз учун кўчага чиқиш вақти келган бўлса, бу ҳозир юз бериши керак, акс ҳолда ҳаммамизни қамоққа ташлашади», — дея эронлик фаоллардан бирининг сўзларини келтиради The Guardian.
ℹ️ Махсус клиника очиш режалари ҳақида эълон Теҳрон Ислом университети талабаси Азаднинг ҳижобни нотўғри кийгани учун таъқибларга қарши норозилик сифатида ички кийимгача ечиниб, кампус атрофида айланиб юрганидан кўп ўтмай пайдо бўлди. Қиз ҳибсга олинган, калтакланган ва руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган.