Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) кўнгиллилар ҳаракати фаоли, Biz Birgemiz хайрия жамоат фонди раҳбари Перизат Қайратга нисбатан тергов ўтказмоқда, дея хабар беради агентлик матбуот хизмати. Жамоат арбоби баҳорги сув тошқинларидан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун йиғилган 1,5 миллиард тенге (3 миллион доллардан сал кўпроқ) ни ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.
«Хайриянинг асосий қисмини Перизат К. ҳашаматли буюмлар ва кўчмас мулк сотиб олишга сарфлаган. Масалан, жорий йил баҳорида у 88 миллион тенгега (178 минг доллар) Mercedes-Benz S450, 80 миллион тенгега (162 минг доллар) Lexus LX-600 ва 39 миллион тенгега (79 минг доллар) Haval автомобилларини сотиб олган. Худди шу даврда у Остона шаҳридаги Akbulak Riviera, Highvill Ishim Gold, Көк Жайлау турар-жой мажмуаларида (автотураргоҳлари билан қўшиб), шунингдек, Vela Village коттеж шаҳарчасида 600 миллион тенгега (1,2 миллион доллар) ҳашаматли кўчмас мулкларни сотиб олган», — ҳисоботда ММА хабарида.
Агентлик маълумотларига кўра, саҳоватли фуқаролар хайр-эҳсонлари эвазига Перизат Қайрат бир неча бор Дубай, Доҳа, Лондон ва Истанбулга таътилга бориб, у ерларда St. Regis, Shangri-La, Palazzo Versace ва Kempinski каби беш юлдузли меҳмонхоналарда яшаган. Ушбу мамлакатларда у Cartier ва Louis Vuitton брендларига мансуб қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва аксессуарларини сотиб олган, муҳташам ресторанларига ташриф буюрган ва яхтада денгизда саёҳат қилган.
«Жиноий схемани амалга ошириш учун у яқин дўстлари ва қариндошларини жалб қилган, улар фонд пулларини 8 фоиз мукофот эвазига нақд пулга алмаштиришган», — дейилади хабарда.
Ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган. Унинг хатти-ҳаракатларидан жабрланганлар Молиявий мониторинг агентлигига мурожаат қилишлари ёки +7 (7172) 70-33-89 (қўшимча рақам: 21384) телефон рақамига қўнғироқ қилишлари сўралади.
«Перизат Қ. ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан аҳолининг фуқаролик жамияти институтларига бўлган ишончига жиддий зарар етказди, кўнгиллилар ҳаракати обрўсига путур етказди ва унинг шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларини шубҳа остига қўйди», — дея қўшимча қилади ММА.
Biz Birgemiz фонди биринчи президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан 2020 йилда ташкил этилган. Ўтган баҳорда, сув тошқини авжига чиққан пайтда фонд раҳбари Перизат Қайрат амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ва амалдорларни ҳаракатсизлиги учун танқид қилганди. Кейинчалик ўчириб ташланган постларида у президентни барча халқаро сафарларини бекор қилишга ва фавқулодда вазият жойига шахсан етиб боришга чақирган.
Таъкидлаш жоиз, Перизат Қайрат хайрия йиғимларини тартибга солишга қаратилган қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш муҳокамаси чоғида қўлга олинди. Жумладан, жисмоний шахсларга маблағ йиғимларини эълон қилишни тақиқлаш, фондларни аккредитациядан ўтказиш ва йиғилган маблағларни мақсадсиз ишлатганлик учун жарима солиш таклиф этилмоқда.