Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари мамлакатда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда гумон қилинган олти кишини қўлга олди. Бундан ташқари, бир кун аввал ҳибсга олинган Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Кубан Адил уулу давлат тўнтаришга уринувчилар ташкилотчиси ҳисобланади, деб ёзади Kaktus.media нашри ИИВ матбуот релизига таяниб.
Хавфсизлик кучларига кўра, жиноий гуруҳдаги роллар жараён ташкилотчилари, ижрочилари ва молиячилари ўртасида аниқ бўлинган. Қўлга олинганлар ҳокимиятни эгаллаш мақсадида Бишкекда миллий спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар ўтказиш ниқоби остида тартибсизликлар уюштиришни режалаштиришган. ИИВ хабарига кўра, акция 17 ноябрь, маҳаллий кенгашларга сайлов куни бўлиб ўтиши керак бўлган.
Ҳибсга олинганлар рўйхатида бир неча хорижий давлат фуқаролари ҳам бор, бироқ уларнинг ким эканига аниқлик киритилмаган. Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари шериклари орасида дрон ва портловчи қурилмалар бўйича мутахассис, ёлловчилар, координаторлар, тартибсизликларни қўзғатувчилар, норозилик намойишларини молиялаштиришга масъул шахслар бўлган.
Кубан Адил уулунинг ўзи «асосий ташкилотчи» деб номланади. Тергов маълумотларига кўра, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқа ва молиявий ёрдам ишларига масъул бўлган.
Гумонланувчилардан қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, гиёҳванд моддалар, мингдан ортиқ спиртли ичимлик шишалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тартибсизликлар уюштиришга мўлжалланган бошқа жиҳозлар мусодара қилинган.
Жиноий гуруҳга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг оммавий тартибсизликлар уюштириш, уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш каби қатор моддалари бўйича иш очилган. Барча айбланувчилар қамоққа олинган ва улар 2025 йил 10 январигача тергов ҳибсхонасида бўладилар.