Марказий Осиё давлатлари президентлари Дональд Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

Дональд Трамп. cbsnews.com сайти фотосурати

Марказий Осиё давлатлари президентлари Дональд Трампни 6 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади.

Кенг қамровли табрик Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юборилди.

«Сизни Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг қизғин табрикларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман», — дейилади табрикда.

АҚШ янги президентини тажрибали ва малакали сиёсатчи деб атаган Мирзиёев айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи – 2018 йил май ойида Оқ уйда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг бошланганини таъкидлади.

Мирзиёев сўзларига кўра, айнан Трамп эътибори туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотлар янада мустаҳкамланган, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашган. Юқори даражадаги вакиллар ва қонун чиқарувчилар ўртасидаги фаол ташрифлар алмашувлари натижасида ҳамкорлик сифат ва мазмун жиҳатидан юксак босқичга кўтарилган.

Ўзбекистон Президенти Трамп раҳбарлигида АҚШ маъмурияти билан дўстона муносабатлар давом этишига, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувлар тўлиқ амалга оширилишига ҳамда турли соҳаларда минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга умид билдирди.

Мирзиёев узоқ муддатли ва ҳар томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш мақсадида Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

«Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ушбу тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, бошланаётган масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-тотувлик ва бардавом тараққиёт тилаб қоламан», — деб ёзади Ўзбекистон президенти.

Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев Жозеф Байденни 2020 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловдаги ғалабаси билан табрикламаган эди. 2021 йил 21 январь куни бўлиб ўтган инаугурация куни Мирзиёев матбуот хизмати Ўзбекистон президенти Байденга табрик йўллагани ҳақида унинг тўлиқ матнини эълон қилмасдан хабар қилганди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Дональд Трампга йўллаган табригида хавфсизлик, ядровий қуролларни тарқатмаслик ва сармоя киритиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб боришига ишонч билдирди. Тўқаев АҚШнинг янги сайланган президентига Америка халқи фаровонлиги, глобал барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида муваффақиятли фаолият юритишини тилади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Трампнинг етакчилик тажрибаси ва чуқур билими Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун имкониятлар яратишига ишонч билдирди.

«Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали глобал муаммоларни муваффақиятли енгиб, халқларимиз фаровонлиги ва келажаги йўлида ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришимиз мумкинлигига ишонаман. Сизни ишонтириб айтаманки, Қирғизистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида кенг имкониятлар очадиган кўп векторли ҳамкорликни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларимни ишга соламан», — дейилади Жапаров мактубида.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ўз табригида унинг мамлакати АҚШ билан муносабатларнинг ҳозирги даражасини юксак қадрлашини ҳамда тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатларни ҳимоя қилиш тамойиллари асосида икки томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Трампга йўллаган табрик телеграммасида унинг мамлакати АҚШ билан дўстона муносабатлар ва кўп қиррали шериклик келажагига оптимистик қарашини билдирди. «Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги самарали давлатлараро мулоқотни давом эттиришга доим тайёрмиз», — дея ишонтирди Раҳмон. Эслатиб ўтамиз, Раҳмон Жозеф Байденни сайловдаги ғалабаси билан фақат 2020 йил 15 декабрь куни табриклаган эди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди