Талгар шаҳрида (Олмаотадан 30 километр узоқликдаги шаҳар) маҳаллий «Хуторские» жиноий тўдасининг етакчиси деб саналган Хасан Қосимбоев қўлга олинди. Бу ҳақдаги маълумотлар ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди ва кейинроқ Олмаота вилояти полиция бошқармаси томонидан тасдиқланди, деб хабар беради Vlast.kz.
Бошқарма Қосимбоевнинг ҳибсга олиниши ўсмир Шерзат Болатнинг ўлдирилишига (шунда илк бор «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ ҳақидаги маълумотлар ОАВда пайдо бўлди – таҳр. изоҳи) оид шов-шувли иш билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
«2 ноябрь куни фуқаро К. 2021 йил июнь ойида содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва фуқаро A.ни ўғирлашда гумон қилиниб, ушланди ва вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди», — дейилади ИИБ хабарида. Бу иш вилоят раҳбарияти назоратида эканига қайд этилган.
Holanews нашри Хасан Қосимбоев зарар етказганликда гумон қилинаётган фуқаро А. ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилган. Гап Арман Алимов ҳақида кетаётган бўлиши керак. 2021 йил июнь ойида унга номаълум шахслар ҳужум қилиб, даштга олиб боришган ва қаттиқ калтаклаб, ўлиб кетиши учун ўша ерга ташлаб кетишган. Арман опаси Гулмиранинг сўзларига кўра, мазкур воқеада акасининг кўплаб умуртқа ва қовурғалари синган, шунингдек, кўриш қобилиятини 50 фоизга йўқотган. Аёлнинг айтишича, Талгар полицияси Арман баёнотини дарҳол қабул қилмаган. Беш гумонланувчидан тўрт нафари қочиб кетган, бири қўлга олинган ва «безорилик»да айбланган.
Хасан Қосимбоев номи Талгарда ўсмир Шерзат Болатнинг ўлдирилишидан сўнг кенг жамоатчиликка маълум бўлди. Маҳаллий аҳолига кўра, жиноятга Қосимбоев раҳбарлик қилган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари алоқадор бўлиши мумкин. Унинг ўзи эса бу каби барча баёнотларни рад этиб, тадбиркор эканини айтган. ИИВ Хасан Қосимбоев Шерзат қотиллигига оид жиноий ишда бирор мақомга эга эмаслигини таъкидлаган.