Қозоғистон Россельхознадзорнинг фирибгарлик бўйича айбловларини рад этди

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россельхознадзорнинг фитосанитария сертификатларига оид фирибгарлик айбловларини рад этди. Тегишли пресс-релиз вазирлик сайтида эълон қилинди. Унда айтилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Агросаноат мажмуасидаги Давлат назорати қўмитаси ўсимликчилик маҳсулотларини ЕОИИ ҳудуди бўйлаб экспорт қилишда ноқонуний схемалардан фойдаланмаган.

Шу билан бирга, вазирлик «фитосанитария сертификатларини олишда карантин остидаги маҳсулотларни «сохта» компаниялар номига расмийлаштираётган виждонсиз Қозоғистон компаниялари билан боғлиқ муаммо борлигини» тан олган.

««Сохта» компаниялар масаласи нафақат Россия, балки Қозоғистон учун ҳам долзарбдир, чунки маҳсулотлар мамлакатимизга ЕОИИга аъзо давлатлардан импорт қилинаётганидан бехабар олувчилар номига ҳам келтирилмоқда»,дейилади баёнотда.

Қозоғистон қонунчилиги даражасида бу муаммони ҳал қилишнинг «имкони йўқ», деб таъкидлайди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва уни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) даражасида ҳал қилиш кераклигини қўшимча қилади.

Яқинда Россельхознадзор Қозоғистондан Россия Федерациясига ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари сохта фитосанитария сертификатлари ёрдамида олиб кирилаётгани, бу сертификатлар Россия компанияларига берилгани, тадбиркорларнинг ўзлари эса импорт қилувчига айланганидан бехабар эканини маълум қилганди. Россия томони жавобгарликни Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Агросаноат комплексидаги Давлат назорат қўмитасига юклаганди.

Баёнот Россия Федерациясида қозоқ маҳсулотларига жорий этилаётган чекловлар фонида қилинган. Октябрь ойида Қозоғистондан буғдой (юмшоқ ва қаттиқ), ясмиқ ва зиғир уруғларини олиб кириш тақиқланди. Чекловлар, шунингдек, помидор, қалампир, учинчи мамлакатлардан экиш учун кунгабоқар уруғлари ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган полиз экинларини ўз ичига олган. Кейинроқ Россельхознадзор Қозоғистондан кесилган гулларни олиб киришга вақтинчалик чекловлар киритди. Қайд этилишича, республика ушбу маҳсулотларнинг катта қисмини Россияга, жумладан, Голландия, Польша, Бельгия каби дўстона бўлмаган мамлакатлардан реэкспорт қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ