Москвада меҳнат мигрантлари учун ойлик патент тўлови деярли 9 минг рублгача ошади

courier-media.com сайти фотосурати

2025 йили Москвада ишлашни хоҳлаган меҳнат мигрантлари учун ойлик патент тўлов нархи деярли 20 фоизга ошади ва 8,9 минг рублни ташкил қилади. Бу ҳақда Россия пойтахти мэри Сергей Собянинга таяниб, ТАСС хабар берди.

Москва мэри муҳожирлар томонидан тўланадиган солиқлар миқдори россияликларнинг даромадларидан тўлаётган суммалар билан баробар бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Фуқароларимизнинг ойлик даромад солиғидан келиб чиқиб, уларни ушбу тоифадаги ишчилар билан солиштирамиз. Қоида тариқасида, бу паст малакали одамлардир. Бугунги кунда бизда патентлар учун ойлик тўлов 7,5 минг [рубль] ни ташкил қилади, аслида бу даромад солиғи бўйича аванс. 1 январдан бошлаб у 8,9 минг [рубль] бўлади», — деди Собянин.

Унинг сўзларига кўра, бу чора иш берувчиларнинг мигрантлар ва Россия фуқаролари учун харажатларини тенглаштириш имконини беради.

«Механизм анча олдин яратилган, у иш берувчига фуқароларимизга кўра мигрантлар арзонроқ тушмаслигини олди олиниши учун ишлаб чиқилган», — деб тушунтирди Собянин.

Мэрнинг сўзларига кўра, ҳозирда Москвада 450 мингга яқин амалдаги меҳнат патентлари мавжуд бўлиб, бундай ҳужжатларни беришда сезиларли ўсиш кузатилмаган.

Айни пайтда, Санкт-Петербургда 2025 йили меҳнат патенти нархини ойига 4,6 минг рублдан 6 минг рублгача оширишни режалаштиришмоқда.

ℹ️ Аввалроқ Давлат Думаси спикери ўринбосари Владислав Даванков патент нархини йилига 250 минг рублгача оширишни таклиф қилганди, бу ойига деярли 21 минг рубль тўланишига тўғри келади. Федерал Солиқ хизмати меҳнат муҳожирлари патенти нархига пенсия ва ижтимоий суғурта бадалларини киритиш истаги борлигини маълум қилди. Бундай ҳолда, ҳужжатнинг ойлик тўлов нархи Москвада 7,5 мингдан 30 минг рублгача ошиб кетади.

Шу билан бир пайтда Нижний Новгород вилояти ҳукумати меҳнат мигрантларига патент бериш тўхтатилганини маълум қилди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди