Гитлерни «зўр инсон» деб атаган қозоғистонлик аёл икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

stan.kz сайти фотосурати

Рус ва қозоқларни Улуғ Ватан урушида қатнашгани учун ҳақоратлаган, шунингдек, немис сиёсатчиси Адольф Гитлерни «зўр инсон» деб атаган олмаоталик аёл икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундай қарор Олмаота шаҳар суди томонидан қабул қилинди, деб хабар беради «Мой город» нашри.

40 ёшли Марал Жалелова тайинланган жазони минимал хавфсизлик тизимидаги жазони ижро этиш муассасида ўтайди. Ҳукм қонуний кучга кирмаган ва устидан шикоят қилиниши мумкин.

Жалелованинг ҳибсга олингани ёзда маълум бўлди. Унга Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 174-моддаси «Ижтимоий, миллий, қабилавий, ирқий, синфий ёки диний адоват қўзғатиш» бўйича айблов қўйилган. Иш материалларидан маълум бўлишича, судланувчи 2023 йил ноябрь ойида TikTok ижтимоий тармоғида провокацион баёнотлар берган. Шу билан бирга, у 1000 обуначидан иборат катта аудиторияга эга бўлган.

Жалелова ўз видеоларида фашистлар Германияси раҳбари Адольф Гитлернинг «зўр инсон» бўлганини айтган, русларнинг Қозоғистондан чиқиб кетишини талаб қилиб, уларни «бегона ўтлар» деб атаган, шунингдек, ота-боболари Иккинчи жаҳон урушида қатнашган қозоқларни «ватниклар» деб атаган. Унинг нутқи ҳақоратли сўзларга тўла бўлган.

Жалелованинг ўзи айбини тан олмаган ва унинг баёнотлари рақибларининг провокацияси натижаси эканини айтган. «Суд Жалелова кўрсатмаларига баҳо берди, у айбини тан олмади, лекин беҳаё сўзлар кўринишидаги баёнотлари учун кечирим сўради. Бундай ҳолатда, суд айбланувчи қилмишидан пушаймон эмаслиги, бироқ ўз хатосини тан олгани ва прокурор сўраган муддатдан кўра камроқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги одилона жазога лойиқ деб ҳисоблайди» — дея нашр суд қароридан иқтибос келтиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ