Ўзбекистон ҳукумати келаси йили «Яшил макон» лойиҳасига 100 миллиард сўм ажратади

yuz.uz сайти фотосурати

2025 йили Ўзбекистон ҳукумати «Яшил макон» лойиҳасини амалга ошириш учун 100 миллиард сўм (тахминан 7,8 миллион доллар) ажратади. Бундан ташқари, инвестиция дастурига дарахтларни парвариш қилиш, касалликлардан ҳимоя қилиш ва суғориш учун уч йиллик харажатлар киритилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни бўлиб ўтган экология масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Асосий эътибор «Яшил макон» лойиҳасига қаратилди. Хусусан,

республикада 2030 йилга бориб кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш учун ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги пайтларда бу кўрсаткич 12 фоизга етган.

Ўтган баҳорда 138 миллион туп кўчат экилган. Йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 10 минг гектардан ортиқ яшил майдон ва 257 боғ барпо этилди. Оролбўйида яшил қопламалар майдони 2 миллион гектардан ошди.

Лекин, президент айрим ҳудудларда жараён суст кечаётгани, суғориш тизимисиз кўчатлар нобуд бўлаётгани, кесилганлар ўрнига дарахтлар экилмаётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан мутасаддиларга келгуси йил учун қатор вазифалар юклатилди. Аввало, Ўзбекистон иқлимига мослашган кўчатлар сонини кўпайтириш зарур. Бу масалага республика Фанлар академияси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизматлари ва бошқа идоралар жалб этилади, хусусан, Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланилади. Бундай ёндашув уруғ ва кўчат етиштиришдан икки-уч баробар кўпроқ даромад олиш имконини беради. Нукус, Арнасой, Қоракўл ва Муборак туманларида кейинги йил сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимлигидан иборат 4 та боғ барпо қилинади. Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмнинг 250 минг гектар чўлида сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дрон билан экилади.

Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш масалаларида маҳаллаларга эътибор қаратилади, чунки дарахтлар, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ўзига керак. Шу боис «маҳалла еттилиги»га ўзига бириктирилган кўчаларда 100 туп, жами 6 миллион дона манзарали дарахт кўчатлари етиштириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, бошқа кўчалар, бўш майдонлар ва кўп қаватли уйлар атрофида 3 миллион туп кўчат экилади. Умуман, маҳаллаларда 20 миллион дона манзарали ва мевали дарахт экса бўлади.

Ўрмон хўжалиги агентлигига барча маҳаллаларда ярмарка ташкил қилиб, 30 миллионта кўчат етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Ободонлаштириш ишларида ҳокимликлар ва вазирликларнинг ўрни катта бўлиб, жами 40 миллион туп кўчат экилади. Улар автомобиль йўллари ва темир йўл линиялари бўйидаги ҳудудларни, далалар четидаги ҳудудларни бошқарадилар. Мудофаа вазирлиги 200 минг туп, ички ишлар, миллий гвардия ва фавқулодда вазиятлар тизимларининг ҳар бири 100 минг тупдан кўчат экишга масъул бўлади.

Чиқинди полигонлари атрофида «яшил белбоғ» барпо этилади.

Мирзиёев ирригация бўйича тажрибалар ўтказишини маълум қилди. Хусусан, 27 та туманда биттадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Баҳорда 14 та туманнинг тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, 500 гектар дарахт экилади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг йирик захираси бўлган яйловларга ҳам эътибор қаратилади. Шу боис 16 миллион гектар яйлов ерларини бошқариш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилиши белгиланди. Қўмитага чўлларни деградациядан чиқариш бўйича уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Келгуси йилда бу мақсадлар учун дастлаб 50 миллион доллар грант маблағлари жалб қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ