18 октябрь куни Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг (WOSCU) анжуманлар залида «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда WOSCU расмий сайти хабар берди.
Маросим доирасида расмийлар ҳафталик иштирокчиларига табрик сўзи билан чиқиш қиладилар, иштирокчиларни қутлайдилар ва яқин кунларда режалаштирилган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берадилар. Жумладан, кўргазмалар, илмий форумлар ва муҳокамалар ўтказиладиган жойлар номи кўрсатилади.
Илмий жамоатчиликнинг таниқли чет эл вакиллари нутқлари тингланади. Улар орасида Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRСICA) бош директори ўринбосари Чингиз Тўмар, Намиқ Камол университети тарих кафедраси профессори Ҳалит Эрен (Туркия), етакчи дизайнер, Wilmotte & Associates компанияси лойиҳа менежери Эммануэль Брелло (Франция), Марказий Осиё қўлёзмалари бўйича етакчи мутахассис, Берлин давлат кутубхонаси Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси Айсима Мирсултан (Германия), Истанбул ислом цивилизацияси боғи раҳбари, Истанбул Қуръони ноёб нусхалари муаллифи Ҳусайн Қутлу (Туркия) ), Михо музейининг махсус тадқиқотчиси, фан доктори Сергей Лаптев (Япония) ва бошқа жаҳонга машҳур мутахассислар бор.
Очилиш маросимида иштирокчиларга Янги Ўзбекистонда ҳукумат томонидан илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни акс эттирувчи видеофильм намойиш этилади. Фильмда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ёритилади. Ҳар йили ўтказилаётган WOSCU конгресслари каби таълим дастурларини ва йирик халқаро тадбирларни ўтказиш натижалари ҳам кўрсатилади.
Яна бир ҳужжатли фильм WOSCU VIII Халқаро конгресси ва Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Бу Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш, ижтимоий муносабатларни уйғунлаштириш, шунингдек, таълим орқали жаҳолатга қарши курашишда ислом таълимотининг улкан салоҳиятидан фойдаланиш ғояси доирасида амалга оширилаётган маданий-гуманитар мегалойиҳадир.
Тошкентда ўтказилаётган Маданий мерос ҳафталигининг асосий мақсадлари мамлакат тарихий-маданий меросини, жумладан, ўзбекистонлик ёшлар ўртасида оммалаштириш, ИЦМ тақдимотини ўтказиш ва Марказнинг музей заллари ва кутубхонаси, шунингдек, Имом Ал-Бухорий мажмуасидаги музей кўргазмаларни мустаҳкамлаш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун ҳамкорлар излашдан иборат.
Таъкидлаш жоиз, Тошкент шаҳрида ҳафталик давомида пойтахтдаги саккизта илмий объектда бир марталик кўргазмалар очилиши бўлиб ўтади, жумладан:
👉Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Археология ва этнография дурдоналари» кўргазмаси бўлиб ўтади;
👉 WOSCU анжуманлар залида – «Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш нури»;
👉Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида – «Асрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзма мероси»;
👉Ислом цивилизацияси марказида – «Тарихий тафаккур дурдоналари»;
👉Темурийлар давлат музейида — тематик кўргазма;
👉Кино саройидаги Кинематография тарихи музейида — махсус кўргазма.
Бундан ташқари, Адиблар хиёбони бўйлаб экскурсиялар, Ислом цивилизацияси марказида лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилади.