Қирғизистон президенти Ғарб давлатларининг Россия билан алоқаларни узиш кераклигига оид талабини адолатсизлик деб атади

Садир Жапаров. inbusiness.kz сайти фотосурати

Қатор Ғарб давлатларининг Қирғизистонга Россия билан ҳамкорликни тўхтатиш талаби адолатдан эмас, чунки уларнинг ўзлари Москва билан алоқасини узишмайди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

«Мен уларга очиқ айтяпман: «Ўзингиз, айрим Европа Иттифоқи давлатлари, санкцияларга қарамай, Россия билан ҳамкорлик қиляпсиз. Россия билан савдо-сотиқингиз йилига 6 миллиард долларни ташкил қилади. Керак бўлганда, сиз Россия билан мукаммал ҳамкорлик қиласиз, лекин у билан ишламаслигимизни талаб қиляпсиз. Сизнинг бу талабингиз адолатдан эмас», — деди Жапаров.

Президентнинг тушунтиришича, Қирғизистон Россия Федерацияси билан ҳамкорликдан шунчаки воз кеча олмайди.

«Биздаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ошади, биз Россиядан нефть, газ, буғдой ва бошқа маҳсулотларни сотиб оламиз. Географик жиҳатдан биз боши берк кўчадамиз. Дунёга автомобиль ва темир йўлларимиз айнан Россия орқали ўтади. Бу мамлакатда миллионга яқин мигрантларимиз бор. Қандай қилиб биз РФ билан ҳамкорлик қилмаслишимиз керак?», — дея савол ташлайди давлат раҳбари.

Жапаров Қирғизистон президентлиги даврида кўп векторли сиёсат олиб бораётганини, дунёнинг барча давлатлари билан ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

«Масалан, яқинда Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик шартномасини имзоладик. МДҲнинг айрим аъзолари билан савдо айланмаси сўнгги тўрт йил ичида етти баробар ошган. Биз баъзи масалаларда бир-биримизга боғлиқмиз, шунинг учун улар билан ҳамкорлик қилмасликнинг иложи йўқ», — деб тушунтирди Жапаров.

Қирғизистоннинг Россия Федерациясига нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга уринишлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Жапаров бу борадаги шубҳалар асоссиз эканини айтади.

«БМТ аъзоси сифатида биз санкцияланган маҳсулотлар билан ишламадик. Шунинг учун улар бу масалада бизга қарши ҳеч қандай даъво қилолмайдилар. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу мумкин ҳам эмас. Кўриниб турибдики, уларда [гумон қилаётганлар] Россияга нисбатан нафрат бор», — деди Қирғизистон президенти.

ℹ️ Интервью Жапаровнинг 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари саммити чоғида Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК) мухбирига берган изоҳининг натижаси бўлди. Ўшанда Қирғизистон президенти Ғарб давлатларининг бошқа давлатларни Россия билан ҳамкорликдан воз кечишга ундаётганини танқид қилганди.

«Бу, албатта, нотўғри, чунки мен Европа бўйлаб саёҳат қилганимда улар бир нарсани гапираши, лекин бошқасини қилишади. Ўзлари ҳам. НАТО ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлган Европа давлатлари бор, улар ҳам Россия билан ҳамкорлик қилишади. Улар бизга Россия ёки МДҲ билан ҳамкорлик қилмасликни айтмаслиги, кўрсатмаслиги ёки сўрамаслиги керак», — деди Жапаров.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ