Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари ўғирлик ва масъулиятсизликда айбдор деб топилди

Азимжон Назаров. Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Азимжон Назаров 4,5 йилга озодликни чеклаш жазосига маҳрум қилинди. У икки йил муддатга моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, деб ёзади Kun.uz.

Ҳукм қачон чиқарилгани номаълум. Маълумки, собиқ вазир ўринбосари 2024 йил 10 январидан 21 майига қадар ҳибсда бўлган. У ўз айбига иқрор бўлмаган ва ҳеч қандай жиноят содир қилмаганини айтган. Бироқ суднинг таъкидлашича, Назаровнинг айби гувоҳлар кўрсатмалари билан тўлиқ исботланган.

Суд ҳукми билан Азимжон Назаров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») , 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди («Мансаб сохтакорлиги»), 243-моддаси («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») ҳамда 207-моддаси 1-қисмида («Мансабга совуққонлик билан қараш») назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.

Суд маълумотларига кўра, Назаров 2008 йили ўзи асос солган Nazar Business and Technology компанияси орқали 562 минг доллардан ортиқ маблағни ўзлаштирганликда айбдор саналади. У компанияни 2017 йилгача ягона таъсисчи ва директор сифатида бошқарган. 2017 йил 28 декабрда Назаров Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимини эгаллаганда, Nazar Business and Technology раҳбариятини бошқа шахсга ўтказган, бироқ ўзи ягона таъсисчи бўлиб қолган.

Суд ҳукмига кўра, Назаров ва унинг шериклари Қорақалпоғистон жанубидаги сув ресурсларини яхшилаш лойиҳаси учун Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштирган. Улар аслида бажарилмаган ишлар учун сохта ҳисоботлар тайёрлашган.

Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган вақтида мансабга совуққонлик билан қараши оқибатида насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм (тахминан $296 минг) пул маблағлар асоссиз сарфланган.

Суд депозит ҳисобварағига ўтказилган 7,079 миллиард сўм (тахминан 562 минг доллар) миқдоридаги маблағни етказилган зарарни қоплаш учун давлат даромадига ўтказиш бўйича қарор чиқарган. Шунингдек, суд Тошкент шаҳридаги Имом Ат-Термизий кўчасида жойлашган Nazar Business and Technology идораси сифатида фойдаланилган бинони мусодара қилиш ва қолган зарарни сотишдан тушган маблағнинг бир қисми билан қоплаш, қолганини давлат даромадига ўтказиб беришни белгилаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг яна бир собиқ ўринбосари устидан чиқарилган ҳукм ҳақида хабар берилганди: Алишер Тўраев бир миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича ўтказилган тендерда ўғирлик ва мансаб сохталигида айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

ℹ️ Ҳозирда суд Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари Азиз Воитовга доир жиноий ишни ёпиқ эшиклар ортида кўрмоқда. У Республика Жиноят кодексининг 167-модда, 3-қисмининг «а» банди («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва 205-модда 2-қисми «а» банди («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш») бўйича айбланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?