Иссиқкўлдаги пансионатларнинг Ўзбекистонга берилишига оид келишувда ижара борасида сўз юритилмаган

Ўзбекистонга берилган пансионатлардан бири. Видеодан кадр

Қирғизистон Адлия вазирлиги Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилиши ҳақидаги келишув матнини эълон қилди. Ҳужжатда Қирғизистон президенти Садир Жапаров айтган 49 йиллик ижара ҳақида сўз юритилмаган.

«Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йилга ижарага бера олишимиз ҳақида келишиб олдик, улар пансионатларни тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар даражасида модернизация қилишади: Бизнинг суд қарорида айтилган миқдорда суммани тўлашга имконимиз йўқ», — деганди Жапаров 2023 йил августда, келишув имзоланганидан сўнг бир ой ўтиб.

Ҳужжат матнидан келиб чиқилса, пансионатлар Ўзбекистонга совға қилинган, узоқ муддатли фойдаланишга берилмаган. Ўзбекистон томони уларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиради, объектларни олган Ўзбекистон ташкилотлари эса уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқига эга.

«Шу билан бирга, Қирғизистон томони халқаро миқёсда тан олинган мустақил баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳоланган бозор қиймати бўйича объектларни сотиб олишда учинчи шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади», — дейилади шартноманинг 4-моддасида.

👉 Эслатиб ўтамиз, ҳужжат рус тилида тузилган бўлиб, у жорий йилнинг 18 июль куни Тошкентда имзолаган.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги (ДМБДА) ҳам «Олтин қум», «Дилором», «Роҳат» пансионатлари ва қурилиши тугалланмаган «Бўстон» объекти 49 йилга узоқ муддатли фойдаланиш учун Ўзбекистон томонига берилганини маълум қилганди.

Қирғизистон ҳукумати келишувни 23 сентябрда тасдиқлаган, Ўзбекистон президенти ҳужжатни 2 октябрда ратификация қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ