Уральскда (Ғарбий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази) 4 октабр куни «Уральская неделя» газетаси бош муҳаррири Тамара Еслямовага нисбатан маъмурий суд жараёни бўлиб ўтади, бу ҳақда у ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди. Журналистнинг сўзларига кўра, терговга унинг Уральскнинг бир неча аҳолиси билан АЭС қурилишига оид тайёрлаган интервьюси сабаб бўлган. Прокуратура Еслямова қонунни бузган ҳолда жамоатчилик фикри борасида сўров ўтказган ва унинг натижаларини эълон қилган, деб ҳисоблайди.
«Эртага Уральскдаги маъмурий судда ишимни кўришади. Профессионал фаолиятим учун судлашади. Расмийлар мени, журналист ва «Уральская неделя» бош муҳаррири сифатида биринчи марта судга беришаётгани йўқ, лекин ҳар бир янги айблов — янги босқичга чиққан бемаъниликдир.
Биз Уральск кўчаларида бир неча фуқаро билан суҳбатлашдик. Бу профессионал иш. Улардан 6 октябрь куни мамлакатда қандай воқеа бўлишини билиш, билмаслигини сўрадик. Баъзилар билган, баъзилари билмаган. Атом электр станцияси қурилишига одамлар ўз муносабатини билдирди, кимдир уни қўллаб-қувватлади, кимдир унга қарши чиқди. Такрор айтаман — видеода 6 — 7 киши билан интервью бор. Бош прокуратурадан кимдир бизни жамоатчилик сўровини ўтказди, деган қарорга келиб, маҳаллий прокуратурага буйруқ берган. Улар тезда маъмурий судга, жисмоний шахс сифатида менга ва «Журналист ташаббуси» МЧЖга қарши айблов тайёрлашган», — деб ёзади Еслямова.
Журналистга нисбатан Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 112-моддаси 3-қисми (Оммавий ахборот воситалари ва онлайн платформалар орқали сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартларини бузиш) билан айблов илгари сурилган.
«Прокуратуранинг қилаётган иши нафақат ходимларининг ёмон билими, интеллектуал савияси пастлигини, балки ишининг маънисизлигини ҳам кўрсатади. Журналист интервьюсига нисбатан кенг тарқалган прокуратура сўровини — журналистик фаолиятга тўсқинлик деб ҳисоблайман. Улар нафас олмаслигимиз учун ҳам бўғзимизга осилишмоқда», — деб ёзади «Уральская неделя» бош муҳаррири.
Аввалроқ Бош прокуратура сайлов ва референдум давомида жамоатчилик фикрини ўрганишга оид сўров ўтказиш қоидаларини бузганлик билан боғлиқ 8 та фактни аниқланганием хабар қилганди. Бундан олдин суд фаол Абзал Дўстиярни YouTubeдаги каналида бўлажак референдум бўйича ўтказган сўрови учун жаримага тортган эди.
Қозоғистонда АЭС қурилишига оид баҳслар ўнлаб йиллардан бери давом этиб келади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан 6 октабрга белгиланган референдум уларга чек қўйиши керак. Овоз бериш арафасида фаоллар мамлакатнинг турли шаҳарларида атом электр станциясига қарши митингларни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилишди, бироқ рад жавобини олишди. Бундан ташқари, Олмаотада камида беш нафар АЭС қурилишига қарши бўлган фаол икки ойга ҳибсга олинган. ОАВ хабарларига кўра, улар оммавий тартибсизликлар тайёрлашда гумон қилинган.