National Geographic қадимий Фарғона пойтахтига мансуб нодир топилмалар ҳақида фильм суратга олади

АХСИКЕНТ шаҳри. наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

National Geographic телеканали қадимий Фарғона давлати пойтахти Ахсикентдаги нодир топилмалар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда қадимий маскан жойлашган Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қазишмалар пайтида археологлар кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келганлар. Ер туби томон тўрт метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келинган. Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси очилган. Айнан шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келишган. Таҳминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак, дастлабки топилган катта йўлга боғланади.

«Қизиқарли томони барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган», — дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Қазишмалар давомида юз, қўл ювгичлар, полни иситиш тизими ва сопол қувурлар ҳам топилган.

Ахсикент экспедицияси раҳбари, профессор Абдулҳамид Анорбоевнинг сўзларига кўра, объектни октабрь ойида том билан ёпиш керак бўлади.

«Агар қурувчилар бунга улгуришмаса, яна тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади. Объект ўта ноёб», — дейди олим.

ℹ️ Ахсикент (Ахси) шаҳри Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидаги Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган. У милоддан аввалги 3-асрда пайдо бўлган ва Буюк ипак йўлининг асосий ўтиш жойларидан бири бўлган. X-XIII асрларда Ахсикент Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, бу ерда шишачилик, кулолчилик, темирчилик, қурол ясаш ва бошқа ҳунармандчилик ривожланган; XIII асрда мўғуллар истилоси натижасида вайрон бўлган, лекин XV асрда йирик шаҳар бўлиб қолган ва Фарғона водийси ҳукмдорининг қароргоҳига айланган. 1620 йили зилзила натижасида шаҳар бутунлай вайрон бўлган. Омон қолган аҳоли қўшни Наманганга кўчиб кетишган.

Ҳозирда Ахсикент Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади. Археологлар томонидан темирчилик устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, казарма, жума масжиди, қалъа деворлари, ер ости суғориш тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор саройи (Арк) топилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ