Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги етарлича маблағ ажратилмагани сабабли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда, унга кўра ўткир ва сурункали касалликларга чалинган беморлар учун шифокорлар бригадалари фақат иш кунлари ва соат 8:00 дан 18:00 гача етиб боради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 24 сентябрь куни «Очиқ норматив-ҳуқуқий актлар» сайтида эълон қилинган янги қонун лойиҳасида сўз юритилади.
Ҳужжатда айтилишича, вазирлик «тўртинчи тоифа» деб аталадиган чақирувлар учун кечаю-кундуз ишлайдиган тез ёрдам бригадаларини бекор қилмоқчи. Бундай ҳолатларга беморнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмайдиган ўткир касаллик ёки сурункали касалликнинг кучайиши натижасида келиб чиққан ҳолатлар киради. Ҳужжатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни амалдаги тарифлар тез тиббий ёрдам харажатларини тўлиқ қопламаслиги, бошқармалар кредиторлик қарзига эга экани билан асослайди.
Лойиҳа қабул қилинса, бирламчи тиббий-санитария ёрдам бригадалари тўртинчи тоифадаги ҳолатларга фақат иш вақтида – иш кунлари соат 8:00 дан 18:00 гача, шанба куни эса соат 8:00 дан 12:00 гача боради. Якшанба кунлари бундай беморларга ташриф буюрилмайди.
Бундан ташқари, янги лойиҳада кўрсатилишича, бирламчи тиббий-санитария ёрдам бригадаларининг тўртинчи тоифадаги қўнғироқлар учун етиб келиши икки баравар — бир соатдан 120 дақиқагача узаяди. Ҳужжатда бу мазкур бригадаларга «йўналишдан ташқари, бириктирилган аҳоли уйларидан қўнғироқлар бўлиши» билан изоҳланади.
Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморлар учун ҳеч нарса ўзгармайди — шифокорлар уларга 10-30 дақиқа ичида кечаю кундуз етиб келишади.
Мазкур қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 8 октябрга қадар давом этади.