Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номаълум шахслар томонидан Миллий гвардия аскари поезд тамбурида калтаклангани акс этган видеоёзувни кўриб чиқди ва Ички ишлар вазири Ержан Саденовга жиноятчиларни қўлга олиш бўйича шошилинч чоралар кўришни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, айбдорлар «қонунчиликка мувофиқ» жавобгарликка тортилиши керак. «Армия ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларидаги зўравонликларга оид барча фактлар назорат учун давлат раҳбарига етказилади. Эслатиб ўтамиз, Президент жорий йил 2 сентябрдаги Мурожаатномасида ёш ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишга йўл қўйилмаслигига алоҳида тўхталиб, бу борада барча масъулият ҳарбий қисм командирлари зиммасига юкланишини таъкидлаган эди» — дейди Уали.
Айни пайтда, республика ИИВ видеода акс этган барча иштирокчилар аллақачон аниқлангани ва воқеа бир йил аввал, 2023 йил кузида, хизмат муддатини ўтаган ҳарбийлар уйларига қайтаётганида содир бўлганини маълум қилди.
«Ушбу ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 440-моддаси, 1-қисми «Ҳарбий хизматчилар ўртасида устав қоидаларинининг бузилиши» бўйича жиноий иши қўзғатилди. Ишга алоқадор барча шахслар – гувоҳ, жабрланувчи ва гумонланувчиларнинг шахси аниқланган. Гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилди», — дея ИИВ хабарини келтиради Kursiv.kz сайти.
Сўнгги ойларда Қозоғистон Миллий гвардиясини бир қатор можаролар ларзага келтирди — ҳарбий хизматчиларнинг жароҳатланиши билан боғлиқ воқеалардан тортиб Миллий гвардия бош қўмондони техника ва қурол-яроғлар бўйича ўринбосари, генерал-майор Константин Воронкиннинг пора олганликда гумон қилиниб ҳибсга олинишига қадар. Шу фонда Тўқаев ўтган ҳафта Миллий гвардия раҳбарини алмаштирди — Эркин Ботаканов ўрнига Ансаган Балтабеков тайинланди.