Қозоғистонда жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб сув тошқинларини башорат қилиш ва моделлаштириш ахборот тизими ишга туширилади. Бу ҳақда Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.
Унинг аниқлик киритишича, тизим тест режимида ишга туширилади. Биринчи босқичда тарихий ва операцион гидрометеорологик маълумотлар йиғилади. Иккинчи босқичда тизимни GloFAS глобал сув тошқинидан огоҳлантириш тизими билан интеграциялаш режалаштирилган.
Кейинчалик, башорат қилиш босқичида Рақамли ривожланиш вазирлиги сув тошқинлари ва сув омборларидан сув ташлашнинг рақамли прогнозини автоматик равишда яратиш имкониятига эга бўлади. Охирги босқич доирасида сув ҳавзалари ҳудудларида сув тошқини зоналарини моделлаштириш амалга оширилади.
«Моделлаштириш натижасида сув сатҳи баландлиги, сув тошқини зонасининг чегаралари ва сув тошқини чуқурлигини башорат қилиш белгиси яратилади», — дея ишонтирди Мадиев. Барча натижалар давлат органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг инқирозли вазиятларни бошқариш маркази билан боғланган ахборот тизимига юкланади.
Сентябрь бошида Қозоғистон ҳукумати тошқинларни башорат қилиш бўйича тадқиқотлар учун 576 миллион тенге (1,2 миллион доллар) ажратгани маълум бўлганди. Жумладан, республика шимолий, ғарбий ва марказий зоналарида сув тошқини хавфидаги ҳудудларни батиметрик кўрикдан ўтказиш учун маблағларни «Казводхоз» давлат корхонасининг «Су метрология» РДК филиалига юбориш режалаштирилган.
Жорий йил баҳорида Қозоғистонда сўнгги 80 йилдан бери кузатилмаган энг йирик сув тошқини содир бўлди. Бир қанча ҳудудлар сув остида қолди, ўн минглаб фуқаролар эвакуация қилинди. Қозоғистон ишбилармонлари, йирик компаниялар ва хайрия жамғармалари жабрланган ҳудудларга 250,5 миллиард тенге (536 миллион доллар) юборди.