Венгрия пойтахти Будапештда 45-Жаҳон шахмат олимпиадаси якунланди ва натижада Марказий Осиёнинг икки жамоаси медалларга сазовор бўлди. Қозоғистон аёллар терма жамоаси кумуш, Ўзбекистон эркаклар жамоаси бронза медалини қўлга киритди.
«Спорт Шредингера» нашрига кўра, қозоғистонлик аёллар тарихда илк бор шахмат олимпиадада совринларни қўлга киритган. Жамоа қуйидагича чиқиш қилган: Бибисара Асаубаева, Меруерт Камалиденова, Ксения Балабаева, Алуа Нурман ва Амина Каирбекова.
Охирги турда марказий осиёлик спортчи аёллар америкаликларга қарши баҳс олиб борган. Бир қатор учрашувларда ғолиб аниқланмаган ва 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилган. Бу ҳолат Қозоғистон терма жамоасига 18 очко (8 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубият) билан турнирда иккинчи бўлишга имкон берди. АҚШ терма жамоаси бошқа бир қанча жамоалар қатори бир очко ортда қолган, аммо қўшимча кўрсаткичларга кўра бронза медалини қўлга киритган. Нуфузли мусобақада 19 очко жамғарган Ҳиндистон шахматчилари чемпион бўлди. Кучли 30 таликка 12-ўринни эгаллаган ўзбекистонлик аёллар ҳам кирди.
Аммо Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси сўнгги тургача юқори ўринлар учун кураш олиб борган ҳолда Олимпиада фаворитларидан бири ҳисобланарди. Таркиб қуйидагича бўлган: Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавохир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов. Турнирнинг сўнгги кунида марказий осиёлик гроссмейстерлар кескин курашларда французлар устидан ғалаба қозонишди. Маррага бешта жамоа бир хил натижа – 8 ғалаба, 1 дуранг ва икки мағлубият билан етиб келган. Қўшимча кўрсаткичларга кўра кумуш медаллар АҚШга, бронза медаллари эса Ўзбекистонга насиб этди. Хитой, Сербия ва Арманистон ғолиблар қаторидан жой олишолмаган. Ҳиндистон терма жамоаси эса ҳеч қачон ютқазмаган ва фақат бир марта дуранг ўйнаган ҳолда ажойиб ўйин кўрсатди. Кучли 30таликда Марказий Осиёнинг яна икки вакили бор: Туркманистон 24-ўринни, Қозоғистон 29-ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик шахматчилар шахсий ютуқлари ҳам эга бўлишган. Шу тариқа, тўртинчи доскада ўйнаган Шамсиддин Воҳидов 6 ғалаба, 4 дуранг ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, олтин медални қўлга киритди. Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов ўйнади, у ҳам 7 ғалаба ва 4 дуранг билан бирорта ҳам мағлубга учрамади. Бундай кўрсаткичлар унга фақат ҳиндистонлик Гукеш Доммаржга ютқазиб, кумуш медал соҳиби бўлишга имкон берди. Аммо ўзбекистонлик шахматчи яқинда барча даврларнинг энг яхши гроссмейстери сифатида эътироф этилган норвегиялик Магнус Карлсенни ортда қолдирганди.
ℹ️Жаҳон шахмат олимпиадаси ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, 2022 йили мазкур таркибда иштирок этган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси олтин медалларни қўлга киритганди. Жамоанинг ўшанда бирорта ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмагани тарихий ғалаба нуфузини янада оширди.
Яна шуни қўшимча қиламизки, навбатдаги олимпиада 2026 йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати нуфузли мусобақаларни ташкил этиш учун 4 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган.