Қозоғистон орқали Россия кираётган чет эл фуқароларидан чегаранинг ўзида бармоқ излари олинади

Оренбург вилояти ҳукумати фотосурати

Москва аэропортларида ва Қозоғистон билан чегарадош Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобиль ўтказиш назорат пунктида «тажриба тариқасида» Россияга кирувчи хорижликларнинг фотосуратлари ва бармоқ изларини идентификация қилиш тартиби ишга туширилади. Бу ҳақда РФ Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой «Коммерсантъ» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, ушбу чора жорий йилнинг 1 декабридан кучга киради. Расмийнинг сўзларига кўра, бу келаётган фуқароларнинг «айрим тоифаларига» таъсир қилмайди, бироқ у қайсилари эканига аниқлик киритмаган. Нега назорат фақат Москва аэропортлари ва Оренбург яқинидаги битта ўтиш жойида жорий қилинади деган саволга жавоб бераркан, Горовой бу ҳали тажриба эканини ва алгоритмни синовдан ўтказгандан сўнг ҳукумат ФХХ (ФСБ) билан биргаликда уни барча чегара ўтиш пунктларида жорий этиш масаласини кўриб чиқишини таъкидлади.

«Бундан ташқари, турли бўлимлар ўртасида ўзаро ахборот алоқаларини ўрнатиш учун вақт керак. Дактилоскопик рўйхатидан ўтказиш ва суратга олиш хавфли шахсларнинг мамлакатга кириши хавфини камайтиради. Чегара хизмати билан биргаликда биз деярли ҳар куни чет элликларнинг Россия Федерациясига идентификация маълумотларини ўзгартирган ҳолда киришга уринишларини олдини оляпмиз. Янги назорат тизими жорий этилгандан сўнг, бунга деярли чек қўйилади. Ўтган йил ва 2024 йилнинг ўтган даврида 5 мингга яқин шундай шахслар аниқланди», — дея қўшимча қилди у.

Россия ИИВ ўтган йили Москва аэропортларида мигрантларнинг бармоқ изларини олиш нияти ҳақида гапирганди, бироқ, афтидан, бу тажриба кейинга сурилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Россия Федерациясига ишлашга келган хорижликлар кирган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида патент ёки ишлашга рухсатнома олиш учун ариза беришда дактилоскопия ва суратга тушиш амалиётидан ўтишлари шарт. Узоқ муддатга (90 кундан ортиқ) ва бошқа мақсадларда келганлар буни кирган кундан бошлаб 90 календарь куни ичида амалга оширишлари лозим. РФ да ишлаш учун рухсатномасиз ёки патентсиз ишлаш ҳуқуқига эга бўлган чет элликлар меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартномаси тузилган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида, лекин мамлакатга киргандан сўнг 90 календарь кундан кечиктирмай бармоқ изларини топшири ва суратга тушиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?