ОТБ Ўзбекистонга микро ва кичик бизнеснинг кредитлар олиш имкониятини кенгайтириш учун 300 миллион доллар қарз беради

bloomberg.com сайти фотосурати

Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистонга банк хизмати қамровида бўлмаган микрофирмаларнинг кредит олиш имкониятларини кенгайтириш дастури учун 300 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков «инклюзив ва барқарор микромолиялаш сектори Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлмиш микро ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун муҳим аҳамиятга эга», деб таъкидлади.

«ОТБ томонидан қўллаб-қувватланаётган молиявий ислоҳотлар Ўзбекистон ҳукуматининг давлат банкларини тижоратлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Ислоҳотлар, шунингдек, фермерлар, микро ва кичик корхоналар (МКК) эҳтиёжларига яхшироқ хизмат кўрсатиши ва молиявий барқарорликка ҳисса қўшиши учун микромолия институтларини ривожлантиришга қулай шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради», — дея тушунтирди Жуков.

«ОТБ мазкур кредит ҳисобидан тадбиркорларга, хусусан, аёлларга молиявий маҳсулотлар ва хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бу уларнинг ҳаётини яхшилашга ва қўшимча тирикчилик манбаларига эга бўлишига ёрдам», — деб таъкидлади ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий миссияси директори Канокпан Лао-Арайа.

ОТБ маълумотларига кўра, Ўзбекистон молия секторида давлат тижорат банклари устунлик қилади, инклюзив молиялаштиришни таъминловчи микромолия ташкилотлари эса банк тизимининг атиги 0,5 фоизини ташкил қилади. 2021 йилги Global Findex маълумотларига кўра, республикадаги катта ёшдаги кишиларнинг атиги 44 фоизи расмий молия муассасаларида ҳисоб рақамларига эга, бу Марказий Осиёдаги ўртача минтақавий кўрсатгичдан 58 фоизга паст.

Август ойи охирида ОТБ Ўзбекистон билан 2024-2028 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик стратегиясини ишга туширди. У Ўзбекистон иқтисодиётини «яшил» ва инклюзив иқтисодиётга ўтказиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. ОТБ хусусий секторни ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

ℹ️ ОТБ 1966 йили ташкил этилган ва унинг аъзолари 68 та давлатдан иборат. Ўзбекистон банкка 1995 йили аъзо бўлган. Орадан уч йил ўтиб, мамлакатда ОТБнинг ваколатхонаси очилган. Айни пайтда банк томонидан республикага кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 12,5 миллиард долларга етди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ