Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида божхона соҳасида ҳамкорлик қилишга оид битим имзоланди

Битимни имзолаш маросими. Ўзбекистон ДБҚ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида «Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида»ги Битим имзоланди. Эътиборлиси шуки, Марказий Осиё республикаси АҚШ ҳукумати билан шундай келишувга эришган 18 давлат бўлди, дея таъкидлайди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) матбуот хизмати.

Битимни штатларда бўлиб турган Давлат божхона қўмитаси раҳбари Акмалхўжа Мавлонов ва унинг ҳамкасби, АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер имзолади. Қайд этилишича, бу борадаги шериклик асосларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 ва 2023 йиллари Америкага ташрифи чоғида эришилган.

Ҳар икки давлатнинг тегишли идоралари раҳбарлари божхонада хавфларни мониторинг қилиш, божхона тартиботларини рақамлаштириш ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Томонлар имзолаган ҳужжат ҳамкорликнинг янги саҳифасини очади: у ахборот алмашиш имкониятини беради ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашда шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Музокараларда АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.

Расмийларнинг таъкидлашича, сўнгги олти йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 48 фоизга ошган. Бундан ташқари, жорий йилнинг саккиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 64 фоизга ошган. Бироқ, Мавлонов ва Миллер таъкидлаганидек, кўрсаткичларни, жумладан, божхона хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали яхшилаш мумкин.

Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Миллий таргетлаш маркази, Кинология академияси, Техасдаги Сан-Антонио халқаро аэропорти, Ларедо шаҳридаги World Trade Bridge авто чегара божхона пости, «Техас-Мексика» халқаро темир йўл ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишишлари режалаштирилган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раҳбари, ўз навбатида, ҳамкасбига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Миллерни Тошкентга жавоб ташрифи билан келишга таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ