Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мактаб ўқувчиларини ҳукумат вакиллари, жумладан ўзи билан расмий учрашувларга жалб қилиш амалиётини танқид қилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар берди.
Раҳмонга кўра, болаларни расмийлар билан учрашувларга жалб қилиш ўқувчилар учун жазодир, чунки улар ёмон об-ҳаво, иссиқ ва шамолда соатлаб ташқарида туришга мажбур бўлишади, бу эса қабул қилиб бўлмайдиган факт. Президентнинг таъкидлашича, мактаб ўқувчиларининг асосий вазифаси турли тадбирларда қатнашиши эмас, балки ўқишдир.
«Мен буни тақиқладим. Агар амалдор келса, бу яхши, лекин у меҳмон эмас, бу унинг мамлакати. Келсин, кўриб, ўз соҳасидаги камчиликларни тузатсин. Меҳмон – бу бошқа давлатдан келган одамдир», — деди президент 1 сентябрь — Билимлар куни муносабати билан қилган нутқида.
Раҳмон тегишли тузилмаларга, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга туман ва шаҳар миқёсида бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни таъминлаш бўйича топшириқлар берди, республика аҳамиятига молик тадбирлар бундан мустасно.
Бундан келиб чиқадики
болалар «ёмон об-ҳаво ва иссиқ»га қарамай, йирик тадбирларда ёки чет эллик меҳмонларни кутиб олишга жалб этилаверилади.
Шунингдек, Тожикистон раҳбари ўз нутқида ўқувчилар давомати ва мактаб формаси билан боғлиқ муаммоларни кўтарган. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 17 май куни ўтказилган текшириш чоғида 360 га яқин таълим муассасасида ўқувчилар давомати ва ўқитувчилар ишида жиддий муаммолар қайд этилган.
«88 минг ўқувчи узрли сабабсиз дарсга қатнашмаган, 26 минг нафари тегишли формада бўлмаган, 28 минг ўқувчи дарсга ўқув қуролларисиз келган. Қолаверса, ўша куни 1900 дан ортиқ ўқитувчи дарсга келмаган, 2000 га яқин ўқитувчи ноўрин кийинган», — дейилади нутқда.
Президент бу муаммолардан афсусланиб, мактабларда давомат ва тартиб-интизомни қатъий назорат қилиш зарурлигини таъкидлайди. Хусусан, Раҳмоннинг таъкидлашича, айрим таълим муассасаларида болалар хорижда бўлишса-да, ўқувчи сифатида қайд этилмоқда.
«Бу, айниқса, тадбиркорлар ёки амалдорларнинг фарзандларига тегишли. Бундай амалиётга барҳам бериш керак», — дейди давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Раҳмон ўқувчилардан асоссиз пул ундириш амалиётини, жумладан, ўқитувчиларнинг туғилган куни учун йиғимларни ҳам эслатиб ўтган. Ўз навбатида, у амалдорларга ўқитувчиларни тадбирлар учун маблағ йиғишга жалб қилишни тақиқлаган. Мамлакат раҳбари мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва ўқитувчилари ўртасидаги келишмовчиликларни ҳам эътибордан четда қолдирмаган.
«Боланинг ота-онаси қандай ишда бўлишидан қатъи назар, ўқитувчиларни ҳурмат қилиш ва қадрлаш муҳим. Улар [ўқитувчилар] сиз на прокурор, на полициянинг иши, на муваффақиятли таълим бўларди. Агар ўқитувчилар бўлмаганида мен ҳам, бу ерда ўтирган барчангиз ҳам, вазирлар ҳам, амалдорлар ҳам бу ерда бўлолмасдик», — дея хулоса қилган Эмомали Раҳмон.