ОАВ: Туркманистон Олий суди раисининг собиқ ўринбосари коррупцияда айбланиб 13 йилга озодликдан маҳрум этилди

Туркманистон Олий суди раисининг собиқ ўринбосари Гурбанмират Худайбердиев коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга оид моддалар бўйича 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Turkmen.news республика ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр суҳбатдошининг аниқлик киритишича, амалдор устидан суд жараёни уч кун давом этган, ҳукм 28 август куни эълон қилинган. Иш мамлакат Олий суди томонидан кўриб чиқилган, суд мажлислари Ашхободда бўлиб ўтган.

Маълум бўлишича, Худайбердиев Мари вилояти суди раиси лавозимида ишлаган вақтида содир этган жиноятлари учун судланган. Айбловнинг фақат битта эпизоди бўйича маълумотлар бор: Олий Суднинг собиқ ходими ҳибсда бўлган, бироқ давлат мулки ҳисобланган махсус техникаларни ўз дўстларига сотишда айбланган.

Turkmen.news манбаларининг қайд этишича, бундай йирик фирибгарликлар одатда воситачилар ва шериклар ёрдамида амалга оширилсада, Худайбердиев жиноий ишда иштирок этган ягона шахс бўлган. Таъкидланишича, ҳукмда мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо мавжуд эмас, гарчи мансабдор шахсга нисбатан қўйилган моддада шундай жазо назарда тутилган бўлса-да. Хавфсизлик ходимларининг фикрича, шу тариқа судя ўзининг собиқ ҳамкасбига раҳм қилан.

Худайбердиев 5 август куни иш жойида қўлга олинган. Операция Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари томонидан амалга оширилган. Бироқ, давлат оммавий ахборот воситаларида жиноят ишида иштирок этаётган шахсдан суд ваколатлари олиб ташлангани тўғрисидаги қарор ҳалиям эълон қилмаган.