ФВВ Сурхондарёдаги газ конида водород сульфиди сизиб чиқиши сабабли одамларни эвакуация қилди

«Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги бурғулаш ускунаси. minenergy.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Кўлқамиш» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллий конда бурғулаш ишлари чоғида олтингугурт гази (водород сульфиди) сизиб чиқиши оқибатида аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодиса 1 сентябрь куни тушдан кейин «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуғида бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида содир бўлган. Ҳодисага технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлган.

«Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Фуқароларни тан-жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вазият тўлиқ назорат остида», — дейилади ФВВ хабарида.

Маҳаллий расмийлар, шунингдек, бурғулаш қурилмаси ёнаётгани акс этган фотосуратларни тарқатган. Аммо, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг таъкидлашича, ёнғин аллақачон ўчирилган.

Вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов фавқулодда ҳодиса жойига ўз вақтида етиб бориб, мутахассислар билан биргаликда зарарли моддалар чиқиши оқибатларини бартараф этишда иштирок этмоқда. Жумладан, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ўрганиш, юзага келган вазиятнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, расмийлар маҳаллий аҳолини, айниқса, ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларини интернетда одамлар орасида ваҳима уйғотадиган материалларни тарқатмасликка чақирган.

Водород сульфидининг хавфи шундаки, бу заҳарли газ инсон асаб тизимига таъсир қилади, ҳидлаш нервини фалаж қилади, бунинг натижасида мазкур модда ҳидини англаш қобилияти йўқолади. Ўз навбатида, бу оғир заҳарланишга олиб келиши мумкин.

ℹ️ «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида газ қазиб олиш лойиҳаси Ўзбекистон ва инвесторлар консорциуми ўртасида 2017 йил 5 апрелда имзоланган маҳсулот тақсимоти бўйича келишувга мувофиқ амалга оширилади. Акциядорлар: Altmax Holding (Кипр), «Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia (Россия). Оператор — Surhan Gas Chemical Operating Company ҳисобланади.

Объект Бойсун шаҳридан 20 км узоқликда жойлашган бўлиб, Ўзбекистондаги ҳозирда ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади. Кон захираси 150 миллиард куб метрдан ортиқ хом газдан иборат.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллиард долларга баҳоланган, биргина газ-кимё мажмуасига 2 миллиард долларга яқин сармоя киритиш режалаштирилган эди. Маълумки, 2021 йили Сурхондарёдаги кон инфратузилмасига техникалар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш учун Россиянинг ВЭБ.РФ ва «Газпром» компанияси 900 миллион доллар миқдорида кредит ажратган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ