Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди ноқонуний қамоққа олиш, товламачилик ва ўзбошимчалик учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Бундай ҳукмни жиноят ишлари бўйича Олмаота туманлараро суди чиқарган. Судланган аёлнинг ҳайдовчиси Мади Ботиршаев жиноятлардан бирига шерик бўлгани учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Суд маҳкума Сатибалдидан жабрланувчи Жунусов фойдасига 2,6 миллиард тенге (5,4 миллион доллар) миқдорида моддий зарарни, шунингдек, маънавий зарар учун 10 миллион тенге (21 минг доллар) товон пулини, маҳкум Батирашевдан эса икки миллион тенге (4 минг доллар) ундиришга қарор қилган.
Жабрланувчилар Қосим ва Алтай Жунусовларнинг фуқаролик даъвоси бўйича судланувчи Сатибалдидан мос равишда 233 миллион (483 минг доллар) ва 109 миллион тенге (226 минг доллар) миқдоридаги моддий зарар ундирилган.
Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.
Forbes.kz мазкур иш тафсилотларини тақдим этади. Унга кўра, 2011 йили Сатибалди акциядорлик жамиятининг ягона акциядори жабрланувчи Ж.га ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини юритиш таклифи билан мурожаат қилган. Келишувга кўра, АЖдаги улушлар бўлинган ва у 34% акцияларнинг норасмий эгаси бўлган.
2019 йили судланувчи Ж.ни 5 миллиард тенге (10 миллион доллардан ортиқ) ўғирлашда айблаган. Сўнгра шахсий ёрдамчиси Б. билан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчига қўриқчиларни бириктириб, унинг алоқа воситаларини олиб қўйган ва уйида 165 сутка давомида тўлиқ ижтимоий изоляция қилинган ҳолда қонунга хилоф равишда ушлаб турган. Натижада, жабрланувчининг руҳий ҳолатига жиддий зарар етказилган.
Жабрланувчи ноқонуний қамоқда ўтирган вақтда Гулмира Сатибалди унинг ҳамда қариндошларининг пул ва мол-мулкини ўзлаштириб олган.
2023 йил 4 май куни Остона туман суди аёлни ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айблаб, етти йилга озодликдан маҳрум қилган. Гулмира Сотибалдининг ўзи судда унга нисбатан иш сиёсий сабабларга кўра қўзғатилганини даъво қилган. Ўша йил июнь ойида Қизилўрда суди уни ўзгаларнинг мулкини ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш иши бўйича саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган.
Гулмира Сатибалди республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоев жияни Қайрат Сатибалдиулининг собиқ рафиқаси ҳисобланади. 2022 йил сентябрь ойида у ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва ўғирлик учун олти йиллик қамоқ жазосини олган. Бир ой олдин Уст-Каменогорскнинг 2 суди Кайрат Сатибалдиулининг шартли равишда озод қилишларини сўраб берган аризасини қондирди.