Қозоғистоннинг Freedom Bankи «Золотая Корона» орқали пул ўтказмаларини чеклади

banki.ru сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Freedom Bankи Россиянинг «Золотая Корона» тўлов тизими орқали пул ўтказмаларини чеклади, деб ёзади Forbes Kazakhstan молия муассасаси матбуот хизматига таяниб.

«Банк таҳлил ўтказиш учун ушбу ҳамкордан қўшимча маълумот кутмоқда, унинг натижаларига кўра кейинги қадамлар бўйича қарор қабул қилинади», — дея аниқлик киритди Freedom Bank.

23 август куни АҚШ Молия вазирлиги «Золотая Корона» дастури бўлмиш Молиявий технологиялар марказига қарши санкциялар жорий этди. Россиянинг ушбу тўлов тизими ҳали санкциялар рўйхатига киритилмаган, дея қайд этади нашр.

Forbes Kazakhstan сўровига кўра, Миллий банк иккинчи даражали банклар хусусий бизнес бўлганлиги сабабли ўз рискини мустақил баҳолайди ва хорижий тўлов тизимларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилади, деган. Шундай қилиб, регулятор уларнинг фаолиятига аралашмайди.

ЦентрКредит банк, Bereke Bank, Евроосиё банки, Bank RBK, Нурбанк матбуот хизматлари «Золотая Корона» билан одатдагидек ишлашда давом этаётганликларини, аммо вазият қай тарзда ривожланишини кузатаётганликларини айтишган (шу билан бирга, аввалроқ ОАВ ЦентрКредит банки мобил иловада мазкур тўлов тизими орқали пул ўтказмаларини ўчириб қўйганини пайқаган эди)

HalykBank янги тартибларни жорий этиш заруратини аниқлаш учун санкцияларни таҳлил қилади ва назорат қилади. Шу билан бирга, молия институти матбуот хизмати улар ҳали ҳам «Золотая Корона» билан ўзаро муносабатларни давом эттирадими, деган саволга жавоб бермаган.

Forte Bank ва Jusan Bank ушбу мавзу бўйича изоҳ беришдан ўзларини тийишган. Altyn Bank матбуот хизмати нашр сўровига умуман жавоб бермаган.

«Золотая корона» Россиядан Грузия, Қирғизистон ва Қозоғистонга пул ўтказмалари ҳажми бўйича шу каби хизматлар орасида етакчи ўринни эгаллайди.

24 август куни Грузиянинг йирик банкларидан бири Bank of Georgia «Золотая Корона» орқали пул ўтказмалари билан боғлиқ техник муаммолар ҳақида хабар берганди. 48 соатдан сўнг Грузияда тўлов тизимининг ишлаши тикланган. Аввалроқ «Золотая Корона» орқали тўловлар Қирғизистоннинг Керемет-банки ва MBankи томонидан тўхтатилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ