Москванинг Замоскворецкий суди миллатчи Александр Поткинни (Белов) халқаро қидирувга бериш учун сиртдан ҳибсга олди, деб ёзади «Коммерсант». Экстремистик деб тан олинган ва Россия Федерациясида тақиқланган «Русские» этносиёсий уюшмасининг собиқ ҳамраиси ўғирланган маблағларни ўзлаштиришда айбланмоқда.
Бу эпизод, деб ёзади нашр, 2015 йилги иш билан боғлиқ. Унинг доирасида Александр Поткин этник адоват қўзғатиш, экстремистик жамиятни ташкил қилиш ва Қозоғистон БТА банки омонатчиларидан ўғирланган пулларни ювиш (РФ Жиноят кодексининг 282, 280.1-моддалари ва 174-моддаси 4-қисми) бўйича судланган.
Охирги айблов Поткиннинг 2000 йиллар бошида БТА банкининг ўша пайтдаги ҳаммуаллифи, омонатчилардан 5 миллиард доллар ўғирлаганликда айбланган қозоғистонлик мухолифатчи Мухтор Аблязов билан фаол ҳамкорлик қилгани билан боғлиқ бўлган. Тергов маълумотларига кўра, россиялик миллатчи Мухтор Аблязов томонидан Россияга ўтказилган мулкнинг бир қисмини бошқариш ва қонунийлаштириш билан шуғулланган.
Жумладан, ўғирланган маблағлар эвазига у Москва вилоятининг Домодедово туманида ўзи назорат қилаётган «Центральная девелоперская компания» ЁАЖ ва «Инвестхолдингстрой» МЧЖ номига бир нечта йирик ер участкаларини қўлга киритган.
Аблязов Қозоғистонда сиртдан жиноий жавобгарликка тортилганида, Александр Поткин ҳибсга олинган Домодедоводаги ер участкаларининг эгасини ўзгартирмоқчи бўлган. Бунинг учун у эгалик қилувчи компанияларнинг банкрот бўлишига ва уларнинг активларини ўзига тегишли «Мичиган» ЁАЖ ва яна бир қатор бошқа компанияларга ўтказишга ҳаракат қилган. Тергов буни ўғирланган мол-мулкни ювиш, деб ҳисоблайди.
Миллатчига нисбатан жиноий иш бўйича ҳукм 2016 йил августида эълон қилинган. Ўшанда Поткин Москванинг Мешчанский туман суди томонидан барча моддалар бўйича айбдор деб топилган ва етти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик РФ Жиноят кодексининг 282-моддаси қисман декриминаллаштирилган ва миллатчи муддатидан олдин озод қилинган.
Бироқ, тергов аниқлик киритишича, биринчи ишда кўрсатилган эпизодлардан ташқари, судланувчи Домодедоводаги бошқа бир ер участкасини «легаллаштиришга» ҳаракат қилган, бу эса унинг янги жиноий иш бўйича жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган.
Поткинни ҳибсга олишмаган, ундан яшаётган жойини тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган. Бироқ, тергов маълумотларига кўра, 2022 йил бошида миллатчи нонунга ҳилоф равишда Минскка кетган ва у ерда Истанбулга чипта сотиб олган (бироқ, унинг Туркияга учиб кетгани номаълум).
12 феврал куни Поткин Россия ИИВ томонидан қидирувга берилгани маълум бўлди.